«Павлония Фест – 2026» фестивали: табиат ва ҳаёт уйғунлиги тантанаси

11:14 01 Апрель 2026 Жамият
233 0

Айни кунларда Андижон вилояти павлония гулларига бурканган. Бу нафақат баҳорий завқ бағишламоқда, балки, кўплаб сайёҳларнинг ҳам эътиборини тортяпти. Шу боис бу бетакрор манзарани кўриш учун қўшни давлатлардан ташриф буюрувчилар сони кун сайин ортиб бормоқда. «Павлония Фест – 2026» фестивали доирасида эса сайёҳлар сони янада ортади. Зеро, тадбир давомида нафақат, баҳорий ифордан кўнгил яшнайди, балки, турли маданий-маърифий кечалардан маънавий озуқа олиш мумкин. Андижон шаҳрида илк бор ўтказилаётган ушбу фестивалдан кўзда тутилган мақсад қийғос очилган павлония дарахтлари остидаги оқшом тадбирларида экология мусаффолигини таъминлаш, кўкаламзорлаштириш ва ободончиликни тарғиб этиш, ёш авлод онгида она табиатга бўлган ижобий муносабатни шакллантиришдан иборатдир.

— Японияда сакура дарахти гуллаган паллада баҳорнинг бу мўъжизасини кўриш учун дунёнинг ўнлаб мамлакатларидан сайёҳлар келишини кўп кузатган эдим, — дейди Қирғизистон Республикасининг Ўш шаҳрида истиқомат қилувчи Эркиной Маматова. — Андижонда бўлиб ўтаётган «Павлония Фест – 2026» фестивали ҳам вилоятда сайёҳлик салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Кези келганда, мамнуният билан айтишим керакки, Ўшда Андижон вилоятини павлония дарахтининг иккинчи ватани, деб ҳам аташади. Боиси, бу заминда униб, кўкка бўй чўзган минглаб павлония дарахтлари Ўш шаҳрига ҳам кўрк бериб турибди. Андижонликларнинг беминнат туҳфаси туфайли шаҳримизда баҳор янада мафтункор қиёфа касб этди.

Ушбу фестивал 6 кун давом этади ва тадбир доирасида турли кўргазмалар, концерт дастурлари, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси тарғиботлари бўлиб ўтиши кўзда тутилган. Унинг биринчи кунида 26 минг нафар ҳамюртларимиз иштирок этди.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер