Парламент сўровига келган жавоб кўриб чиқилди

17:21 22 Январь 2024 Жамият
460 0

2024 йил 22 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда йўл ҳаракати қоидаларини янада такомиллаштириш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни иккиламчи ижарага бериш ва улардан самарали фойдаланишга қаратилган қонун лойиҳалари муҳокама қилинди. Шунингдек, парламент назорат-таҳлил фаолиятига оид масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Дастлаб, Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи А.Худаяровнинг «Мамлакатимизда дори воситалари ва тиббий буюмларнинг улгуржи ва чакана савдоси ҳолати тўғрисида»ги Қонунчилик палатаси парламент сўровига юборган жавоби муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мазкур парламент сўрови 2023 йил 15 декабрь куни юборилган эди. Тақдим этилган жавобга кўра, республикада бугунги кунда дори воситаларини улгуржи реализация қилиш учун 538 та корхона, дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун 15 250 та дорихона лицензияга эга ва фаолият юритмоқда.

Бундан ташқари, 2023 йил 1 майдан бошлаб жисмоний шахслар томонидан харид қилинган дори воситаларининг нархи «ФАИР ТEЧ» ягона ахборот тизимида дори воситаларининг улгуржи ва чакана савдосидаги нархларни референт нархлар билан автоматик тарзда солиштириш ҳамда ҳуқуқбузарликларни аниқлаш имконияти яратилганлиги кўратилиб ўтилган.

Фракция аъзолари томонидан парламент сўровига келган жавобда дори воситалари ва тиббий буюмлар нархлари, уларни тартибга солиш бўйича кўрилаётган чоралар, ишлаб чиқарилаётган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг сифати, самарадорлиги ва хавфсизлигига доир таҳлилий маълумотлар тақдим этилгани алоҳида қайд этилди.

Йиғилишда шунингдек, «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарликка тортиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди ва қўллаб-қувватланди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер