Ўзсаноатқурилишбанк Ўзбекистон Миллий университети талабаларига стипендия ажратади
Фото: t.me/b_bozorov
Ўзсаноатқурилишбанк Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети билан ахборот-коммуникация технологиялари йўналишида мутахассисларни жалб қилиш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолади.
Ўзсаноатқурилишбанк Ахборот хизмати раҳбарининг хабар беришича, банк томонидан университетнинг юқори босқич талабалари учун стипендия ажратилиши режалаштирилган.
Бунда стипендия банкдаги амалиёт жараёнларини аъло даражада ўтаган ва тегишли комиссия суҳбатидан муваффақиятли ўтган талабаларга мўлжалланиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, ЎзМУда “Ўзсаноатқурилишбанк инновацион маркази” ишга туширилади.
Марказда талабалар дастурий таъминотлар яратиш, уларни банк ахборот-коммуникация технологиялари тизимида жорий қилиш, шу соҳада янги банк хизматлари учун бизнес жараёнларни ташкил этиш, умуман, банк бизнесининг барча йўналишлари бўйича назарий билимларини амалий кўникмалар асосида мустаҳкамлашга қулай шароит яратилади.
Ҳозирда ҳамкорлар томонидан стипендия миқдорлари, уни тайинлаш шартлари ва мезонлари ишлаб чиқилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг