Ўзимиз азият чекиб қолмайлик

15:35 19 Ноябрь 2024 Жамият
287 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимизда тиббиёт соҳасининг ривожланиши соғлиқни сақлаш борасидаги ютуқларга сабаб бўлмоқда. Айниқса, тиббий хизмат кўрсатиш жараёни ҳар бир хонадонгача кириб боргани эътирофга молик.

Бироқ ойнинг-да юзида доғ бўлгани каби муаммолар ҳам йўқ эмас. Андижон вилоятида 850 дан ортиқ даволаш ва тиббиёт муассасалари мавжуд бўлиб, улардан бир йилда ўртача 1240 тонна чиқинди ҳосил бўлади. Шундан 514 тоннаси махсус корхоналар томонидан утилизация қилинса-да, қолган қисми маиший чиқиндиларга аралаштирилган ҳолда ташлаб юборилмоқда.

— Чиқиндини утилизация қилиш бўйича ноқонуний фаолият олиб бораётган корхоналар ҳам йўқ эмас, — дейди Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходими Лочинбек Исомиддинов. — Уларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига чек қўйиш орқали атроф-муҳитга, инсонлар саломатлигига жиддий зарар етказилишининг олдини олиш мумкин. Ана шу мақсадда вилоятдаги 110 та соғлиқни сақлаш ва тиббиёт муассасаларида назорат тадбирлари ўтказилди. Натижада айрим тиббиёт муассасаларида чиқиндиларни қўлбола усулда тайёрланган, амалдаги талабларга жавоб бермайдиган мосламаларда утилизация қилиш ёки маиший чиқиндиларга қўшиб юбориш ҳолатлари ҳам кузатилди. Бу каби ҳодисаларга барҳам бериш мақсадида 39 нафар мансабдор ва 55 нафар масъулларга нисбатан 92,5 млн. сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилди.

Мутахассисларнинг маълум қилишича, бир киши бир кунда 650-750 грамм миқдорида чиқинди ҳосил қилади. Буни корхона-ташкилотлар мисолида ҳисоблайдиган бўлсак, анча катакларни тўлдиришга тўғри келади. Бироқ гап уларнинг миқдорида эмас, балки етказадиган зарардадир. Шундай экан, чиқиндиларни зарарсизлантириш, йўқ қилиш жараёнига ҳар биримиз масъул бўлмоғимиз керак. Акс ҳолда, ўзимиз ҳосил қилган зарардан ўзимиз азият чекишимиз муқаррар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер