Ўзбекистоннинг халқчил ва истиқболли янги йўли юксак марраларга чорлайди

10:33 14 Май 2022 Жамият
867 0

Бугун бутун мамлакатимизда бўлгани каби Фарғона вилоятида ҳам оламшумул ислоҳотлар шиддат билан давом этаётир. Янгича ҳаёт, янгича нафас, юксак ободонлаштириш ишлари жуда ярашган Фарғона заминида дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари билан ҳудудлараро инвестициявий, савдо-иқтисодий, ижтимоий соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш борасида амалга ошираётган ишлар айниқса, эътиборга молик.

Хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасида малакали хорижий мутахассисларнинг вилоятга жалб этилиши, ўзаро тажриба алмашинувининг йўлга қўйилиши, фермерлар, чорвачилик, балиқчилик, боғдорчилик ҳамда деҳқончилик хўжаликларини манзилли қўллаб-қувватлаш борасидаги Туркия тажрибаси ўрганилиши, бу — юксак элпарварлик, узоқни кўзлай билиш ва келажак авлод учун қилаётган ғамхўрликдир.

Демакки, фарғоналикларнинг дастурхони янада тўкин, ризқи бутун бўлиши ва ҳаёти янада фаровонлик сари кўтарилиб бориши учун давлатимиз раҳбари ғамхўрлигида шахдам қадамлар ташланяпти. Фарғона вилоятини ҳар томонлама етакчи ҳудудга айлантириш, унинг халқини рози қилиш йўлида амалга оширилаётган бу каби кўплаб саъй-ҳаракатларга, амалий ишларга деярли ҳар куни, ҳар соатда гувоҳ бўлмоқдамиз.

Бу янгиланиш нафақат Фарғонада, балки кун сайин, соат сайин янада ривожланиб, ўсиб бораётган Ўзбекистон бўйлаб юксакларга бўй чўзмоқда. Юртбошимиз ташаббускорлигида амалга оширилаётган ишлар, жамиятнинг барча жабҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар, эришилаётган ютуқлар, марралар ҳайратланарли. Вилоятимиздаги бунёдкорлик ишлари, қуриб битказилиб, ишга тушаётган йирик саноат корхоналари, тадбиркорлар фаолияти, илм ахлига берилаётган имкониятлар ёшлар келажагига қўйилаётган қадамлар фикримизнинг ёрқин далилидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ижтимоий соҳага қаратаётган эътибори ҳам бугун халқимизга ўзгача куч бағишламоқда. Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташрифи водий аҳлига ўзгача кайфият бахш этмоқда. Ҳудудда амалга оширилаётган ишлар билан танишиб, келгусидаги устувор йўналишларни белгилаб бераётгани барчамизга шижоат беради, албатта.

Яқинда юртимиз бўйлаб нишонланган муборак Рамазон ҳайити ва 9 май Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманлари масъуллари томонидан ёлғиз, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар, беморлар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ва манавий кўмак кўрсатилди. 28 нафар Иккинчи жаҳон уруши фахрийсига Президентимизнинг байрам табриги, 15 миллион сўмдан пул мукофотлари, қимматбаҳо совға ҳамда озиқ-овқатлар топширилди.

Вилоятимизнинг шаҳар ва туманларида 20 дан ортиқ вазирлик ва республика идоралари раҳбарлари ва ўринбосарлари иштирокида ўтказилаётган сайёр қабуллар жараёнида фуқароларнинг бандлик, тадбиркорлик, банк кредити олиш, уй-жой, моддий ёрдам, субсидиялар ажратиш, биометрик паспорт олиш каби кўплаб мурожаатлари ижобий ечим топди. Демакки, давлатимиз раҳбарининг “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши шарт” деган сўзлари ўз ҳаётий тасдиғини топаётир.

Ҳатто туманларнинг энг чекка қишлоқларида ҳам интернатнинг муаммосиз ишлаши, ҳар бир туманда инновацион технологиялар марказларининг мавжудлиги ҳам юксалиб бораётган турмушимиздан далолат.

Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барча эзгу орзу-интилиш ва ҳаракатлар, авваламбор, халқимизга муносиб турмуш шароити яратиб беришга, уни мустақил тараққиёт йўлимизнинг самараларидан баҳраманд этишга қаратилгандир. Бугун наинки халқимиз, балки дунё ҳамжамияти Ўзбекистоннинг халқчил ва истиқболли янги йўли бераётган натижаларга гувоҳ бўлиб турибди. Шу маънода, улуғ мақсадлар билан Ўзбекистон эртасини қураётган ватандошларимиз, меҳнатсевар фарғоналиклар кўзида ҳаётдан розиликни, янги ислоҳотлар ташаббускори бўлган Президентимизга нисбатан юксак ишончини кўрамиз, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,

Фарғона давлат университети ректори,

педагогика фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер