Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги: сиёсий партиялар фракциялари ушбу масалага қандай қарайди?
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2020 йил 28 апрель куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида сиёсий партиялар фракциялари Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги масаласини халқимиз манфаатларидан келиб чиқиб, ўта масъулият билан жиддий ёндашган ҳолда кўриб чиқишди.
Фикр-мулоҳазалар турлича, муносабатлар ҳар-хил. Конструктив таклиф ва якуний хулосалар қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Барча сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари ушбу долзарб масала юзасидан ўз позицияларини қуйидагича баён қилишди.
Актам ҲАИТОВ, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси раҳбари:
— Ҳар қандай иқтисодий ҳамкорлик маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш, уларнинг таннархини пасайтириш, янги технологияларни олиб кириш, транзит савдосини кенгайтириш ва бозор ислоҳотларини фаол ривожлантиришга хизмат қилади. ЎзЛиДеП дунёда вужудга келаётган ҳозирги шароитда Ўзбекистон иқтисодиёти ҳам халқаро ишлаб чиқариш тизимига, дунё бозори ва иқтисодий муносабатларнинг замонавий талабларига мос бўлиши керак, деб ҳисоблайди.
Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик масаласи бўйича хулосага келишда партиямиз етакчи мустақил консалтинг компаниялари ва илмий-тадқиқот муассасалари ўрганишлари натижалари, хорижий ва маҳаллий экспертлар хулосалари, тегишли вазирлик ва идоралар фикр-мулоҳазалари каби жиддий таҳлилий базага асосланди.
Фракциямиз сайловолди дастуридан келиб чиқиб, ЕОИИ билан ҳамкорлик ўрнатилишининг ижобий томонлари сифатида юзага келадиган бир қатор афзалликларга тўхталиб ўтиш жоиз. Булар тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда тенг имкониятларни яратиш ва ички бозорнинг монополлашувига йўл қўймаслик. Мамлакатнинг инновацион ривожланиш, “билимлар иқтисодиёти” ва “рақамли иқтисодиёт”ни ривожлантириш йўлидан жадал ҳаракатланишини таъминлашга ҳамда Ташкилотга аъзо давлатларнинг тадбиркорлари ўртасида кооперация ва кластерларнинг шаклланиши, мамлакатда илм-фан, ишлаб чиқариш интеграциясини оширишга хизмат қилади.
ЕОИИ билан ҳамкорлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини иттифоққа аъзо мамлакатларга божхона тўловларисиз экспорт қилиш ҳамда ташқи инвестиция жалб қилиш орқали соҳани модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш имкониятини ҳам беради.
Шу билан ҳамкорликнинг хатарли жиҳатлари ҳам мавжуд. Масалан, иттифоқ ҳудудида ягона божхона тарифи қўлланилиши сабабли саноат корхоналарини модернизациялашда талаб этиладиган илғор технологик ускуналарнинг учинчи давлатлардан импорти қийинлашуви натижасида нефт-газ, электроэнергетика, кимё, озиқ-овқат ва бошқа соҳаларида режалаштирилган йирик инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишда муаммолар келиб чиқиши мумкин. ЕОИИ билан интеграциялашув мамлакат автомобилсозлик саноатининг рақобатбардошлиги ва унинг келажакдаги ривожига салбий таъсир кўрсатиши, бунинг натижасида эса минглаб иш ўринлари йўқотилиши эҳтимоли катта.
ЎзЛиДеП фракцияси Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан бўладиган муносабатларда юзага келувчи талаблар ва хавфларни тўла ҳисобга олган ҳолда қарор қабул қилиниши тарафдори. Мазкур ҳамкорлик мамлакатнинг халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан алоқаларига салбий таъсир кўрсатмаслиги ҳамда халқаро миқёсдаги мажбуриятларни тўла бажариш имкониятини бериши керак. Шу нуқтаи назардан, миллий ва халқаро қонунчилик доирасида чуқур ўрганишлар ташкил қилиниши лозим бўлади.
ЎзЛиДеП иқтисодий ривожланиш нуқтаи назаридан, Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришнинг илк босқичида “кузатувчи давлат” форматидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди.
Алишер ҚОДИРОВ, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари:
— Дунёда ҳеч қайси бир давлат ўз қобиғига ўраниб олиб ривожланмайди, ортиқча муҳофазакорлик ўсишга тўсқинлик қилади. Биз бу йўлни ҳам синаб кўрдик, натижадан бошимиз осмонга етгани йўқ. Биз манфаатларимизга мос келадиган ҳар қандай ҳамкорликка тарафдормиз.
ЕОИИ билан ҳамкорлик масаласи “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясида айнан шу қараш билан батафсил таҳлил қилинди. Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган таҳлил натижаларини ҳам пухта ўрганиб чиқдик. Ҳукумат соати ва парламент эшитуви орқали масалага масъул вазирлик ҳамда идоралардан аниқлашимиз керак бўлган жиҳатлар билан ойдинлик киритиб олдик. Фракциямизнинг ўзида ҳам кўпгина муҳокамалар бўлди ва кўпчилик овоз билан якуний хулосага келинди.
Ҳозирги шароитда Ўзбекистон ЕОИИ билан интеграцион ҳамкорликка тайёр эмас, деб ҳисоблаймиз. Бу хулосага келишимизга сабаб бўлган айрим жиҳатларни айтиб ўтаман:
Биринчидан, бу ҳамкорлик хорижда ишлаётган ватандошларимиз даромадини ошириши мумкин, лекин иқтисодиётимизнинг деярли барча тармоқларида малакали миллий кадрларни йўқотишга олиб келади. Буни ўрта ва узоқ истиқболда миллий иқтисодиётимиз учун ижобий сигнал, деб бўлмайди;
Иккинчидан, ягона бож тарифи 6 мингга яқин товарларда бож ставкаларини ўзгартиришни талаб қилади. Бу силкиниш босқичма-босқич, имтиёзлар билан амалга оширилган тақдирда ҳам миллий иқтисодиётимизга жиддий салбий таъсир кўрсатади. Шу билан бирга, муҳим инвестицион лойиҳаларнинг амалга ошмаслигига ҳам сабаб бўлиши мумкин;
Учинчидан, ЕОИИда амалиётда бўлган 48 та техник регламентнинг бор йўғи 5 тасидан хабардормиз, 14 тасида амалдаги регламентлар билан жиддий тафовутлар бор, 29 та регламент эса бизда умуман мавжуд эмас.
Қолаверса, биз дунё иқтисодиётига жиддий зарба бўлиши кутилаётган пандемиядан кейинги давр қандай тус олиши ҳақида тасаввурга эга эмасмиз. Кўпгина халқаро экспертлар пост пандемик давр давлатлараро тузилмалар учун жуда оғир синов бўлади, деган фикрни илгари суришмоқда. Бу ҳақда Россия Федерацияси ташқи ишлар вазирининг Катта йигирматалик ва Европа иттифоқи билан бир қаторда ЕОИИ ва МДҲни ҳам қайта тафаккур қилиниши кераклиги ҳақидаги фикрини эътибордан четда қолдирмаслик керак.
Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб, фракциямиз аъзолари бугунги шароитда Ўзбекистонни ЕОИИга аъзо мамлакатлар билан амалдаги икки томонлама ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантирган шаклда давом эттиришни энг тўғри йўл, деб ҳисоблайди.
Наримон УМАРОВ, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси раҳбари:
— Фракциямиз депутатлари томонидан Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги мамлакатимизнинг иқтисодий таррақиёти учун ўта муҳим масала, деб қайд этилмоқда.
Фракциямиз муҳокамасида ҳамкорликнинг ижобий ва салбий жиҳатлари чуқур ва атрофлича таҳлил қилинди. Энг аввало, унинг ижобий жиҳатларига эътибор қаратилди. Жумладан, мамлакатимизнинг ЕОИИга аъзо давлатлар билан энергетика соҳасидаги ҳамкорлиги келгусида яхши натижа беради. Чунки бу давлатлар нефть, газ қазиб олиш ва уларни қайта ишлаш бўйича дунёда етакчи ҳисобланади. Яна бир муҳим жиҳат транспорт-коммуникация соҳасидаги имкониятларимиз сезиларли даражада кенгаяди, саноат маҳсулотларимизнинг Иттифоққа аъзо мамлакатлар орқали транзит ҳажми янада ортади. Таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳалари бўйича ҳамкорлик ижобий самара кўрсатади. Давлатимиз раҳбарининг саъй- ҳаракатлари билан юртимизда Россия ва Беларусь ОТМ филиаллари самарали фаолият кўрсатмоқда. Рақобатдош мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилмоқда.
Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам барчамиз гувоҳ бўлаётганимиздек, коронавирус пандемияси даврида мамлакатимиз Президентининг топшириқлари асосида Россиянинг етук мутахассислари билан узвий алоқалар ўрнатилди ва самарали натижаларга эришиляпти.
Шу билан бирга, фракциямиз аъзолари ҳамкорликнинг салбий таъсири бўйича ҳам айрим фикрларни илгари суришди. Масалан, ЕОИИга аъзо бўлиш мамлакат саноатининг қатор тармоқлари ривожига салбий таъсир кўрсатади. Хусусан, мамлакатимизда фаолият юритаётган автомобилсозлик, озиқ овқат, фармацевтика ва бошқа соҳалар 2 млрд. АҚШ доллари атрофида йўқотиши прогноз қилинмоқда.
Ўзбекистон ЕОИИ давлатлари билан ташқи савдо сиёсатини етарлича мувофиқлаштириш қувватига эга эмас. Сабаби, Иттифоқ қоидаларини бузган давлатни иттифоқ судига бериш каби ўта муҳим ваколат белгиланмаган. Демак, истиқболда ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида ҳалол рақобат муҳитини бузиш ҳолатлари бўйича низоларни бартараф этиш механизми мавжуд эмас.
Батафсил муҳокамалардан сўнг, фракциямиз аъзолари томонидан Ўзбекистоннинг ҳозирги ривожланаётган иқтисодиётини инобатга олган ҳолда, кузатувчи давлат сифатида иштирок этиши маъқулланди.
Улуғбек ИНОЯТОВ, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари:
— ЕОИИ билан келгусида ҳамкорлик натижасини баҳолаш, прогноз қилиш — ниҳоятда мураккаб ва қийин жараён.
Фракциямиз ушбу жиддий масалада ўзининг электорал манфаатларидан воз кечиб, биринчи навбатда, давлатимиз, халқимиз ва миллатимизнинг умумий манфаатларидан келиб чиқиш ҳамда барча фуқароларимизнинг хоҳиш-иродасига таяниш лозим, деб ҳисоблайди.
ЎзХДП фракцияси томонидан ушбу долзарб масаланинг муҳокамаси тегишли вазирликлар, ташкилотлар ҳамда партия фаоллари иштирокида ташкил этилди.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, Қонунчилик палатаси Ишчи гуруҳи томонидан ишни самарали ташкил қилиниши, сиёсий партиялар фракциялари учун мазкур долзарб масалада ўз позициясини шакллантиришида катта ёрдам бўлди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, фракциямиз ЕОИИ билан ҳамкорлик қилиш юзасидан қуйидагиларни таъкидлайди.
Биринчидан, ЕОИИ билан ҳамкорлик Ўзбекистон учун меҳнат миграциясидаги мавжуд муаммоларни ҳал этишда яхши имкониятлар яратиши мумкин. Айниқса, ушбу ташкилотга кирувчи мамлакатларда ишлаб юрган миллионлаб мамлакатимиз фуқароларининг ижтимоий ҳимоясига ижобий таъсир кўрсатади.
Шунингдек, фуқароларимизнинг ижтимоий ҳимояси таъминланади, жумладан, пенсия тайинлашда меҳнат стажи инобатга олиниши, уларнинг фарзандлари таълим ва тиббий хизмат олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Иккинчидан, бугунги кунда, мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш стратегик вазифа қилиб белгиланган. Бунинг учун салоҳиятли ва барқарор истеъмол бозори зарур бўлади.
Таъкидлаш лозимки, ташкилот билан ҳамкорлик транспорт харажатларини камайтириш, тарифсиз тўсиқларни оптималлаштириш, тўқимачилик ва трикотаж саноатининг экспорт салоҳиятини сезиларли даражада оширишга имкон беради.
Шунингдек, қишлоқ хўжалигида етиштирилаётган маҳсулотлар экспортини амалга оширишда биз учун ЕОИИ мамлакатлари салоҳиятли ва барқарор бозор бўлиши мумкин.
Фракцимиз амалга оширилган ўрганишлардан келиб чиқиб, ЕОИИ билан ҳамкорлик борасидаги таҳлиллар, турли прогнозлар амалда ўзини оқламаслиги мумкин, деб ҳисоблайди.
Халқимизнинг, давлатимизнинг манфаатларига бевосита таъсир этувчи бундай долзарб масала юзасидан қарор қабул қилишда таваккалчиликка йўл қўйиш асло мумкин эмас. Демак, Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлиш ёки бўлмаслик масаласида барча эҳтимолий омилларни кузатиб ва чуқур таҳлил қилиб бориш лозим. Бунинг учун, муаммоларни бевосита ташкилотнинг ичида туриб ўрганиш лозим. Шундан кейин, ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб, келгусида тегишли қарор қабул қилиниши мумкин бўлади.
Юқоридагиларни инобатга олиб, фракциямиз Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчи давлат мақомига эга бўлиши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди.
Борий АЛИХОНОВ, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари:
— ЕОИИ фаолиятини экологик ҳамкорлик нуқтаи назаридан кўриб чиқиш айни пайтда жуда муҳимдир.
Таҳлилларга кўра, Евроосиё иқтисодий иттифоқига интеграциялашув нафақат иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, балки табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги вазифаларни ҳал этиш учун ҳам муайян ишларни амалга оширишни назарда тутади. Чунки иқтисодий алоқалар табиий ресурслардан фойдаланилмасдан ривожланмайди.
Яна бир муҳим жиҳатлардан бири шундаки, иқтисодий ва савдо алоқаларининг яхшиланиши атроф-муҳитга ҳамда аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатмасдан, ўзаро мутаносиб бўлиши лозим.
Аммо, бундай глобаллашув молиявий-иқтисодий мезонлар ҳал қилувчи аҳамият касб этади, дегани эмас. Коронавирус пандемияси натижасида юзага келган жаҳондаги воқелик инсониятни келгусидаги ривожланишни қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда. Эндиликда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг марказида қулай экологик муҳитни таъминлашга алоҳида эътибор берилиши лозим.
Лекин, ЕОИИ шартномасида мамлакатлар ўртасидаги экологик муносабатларни тартибга солувчи махсус бўлим мавжуд эмас. Фақат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Келишув мавжуд. Минтақавий даражада экологик муносабатларни тартибга солиш бўйича эса икки томонлама битимлар имзоланган холос.
Мавжуд экологик муаммолар Иттифоққа аъзо давлатларнинг барқарор ривожланишига муайян тўсиқларни қўяди. Бу индекслар динамикаси, яъни жамиятнинг барқарорлиги, экологик самарадорлик ва тараққиёт кўрсаткичларидир. Бироқ сайёрамизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш муаммоси дунё мамлакатлари фақат биргаликда ҳал қилиши мумкин бўлган вазифадир.
Ўзбекистоннинг ЕОИИ каби интеграцион бирлашмалар томон ҳаракатланиши объектив жараён. Фракциямиз бу жараён кузатувчи мақомидан бошлаб, турли соҳаларда юзага келиши мумкин бўлган номувофиқликларни аста-секин бартараф этган ҳолда босқичма-босқич амалга оширилиши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди.
Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириши мамлакатнинг ягона ташқи сиёсатини амалга ошириш билан бир қаторда, халқимизнинг турмуш даражасини ва фаровонлигини оширишга ҳамда экологик хавфсизлигини таъминлашга ҳам мос келиши даркор.
“Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг