Ўзбекистонликлар чет элга қайси мақсадда кўпроқ сафар қилган?
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь-март ойлари давомида 1,5 миллион нафардан зиёд Ўзбекистон фуқаролари туристик мақсадларда чет элга чиққан. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 256,5 минг нафарга ёки 20,3 фоизга ошгани билан аҳамиятлидир.
Маълумотларга кўра, хорижга чиққан фуқароларнинг аксарияти — 1 миллион 189 минг 827 нафари қариндош ва яқинларини йўқлаш мақсадида сафар қилган. Бу умумий кўрсаткичнинг салмоқли қисмини ташкил этади. Ушбу ҳолат, айниқса, меҳнат миграцияси ва оилавий алоқаларнинг фаоллиги билан боғлиқ экани қайд этилади.
Туристик саёҳат мақсадида чет элга чиққанлар сони 307 минг 199 нафарни ташкил этган. Бу эса мамлакат фуқаролари ўртасида хорижий туризмга бўлган қизиқиш ортиб бораётганидан далолат беради. Саёҳат турлари орасида тиббий мақсадда сафар қилганлар сони 11 минг 764 нафарга етган бўлса, ўқиш мақсадида чет элга чиққанлар сони 7 минг 437 нафарни ташкил этган.
Шунингдек, хизмат юзасидан хорижга чиққан фуқаролар сони 3 минг 320 нафарга етган. Бу кўрсаткич хизмат сафарлари ва халқаро ҳамкорлик доирасидаги фаолликни ифодалайди.
Жорий статистика маълумотлари мамлакат фуқаролари ўртасида хорижга чиқиш фаоллиги ортиб бораётганини, турли мақсадлардаги сафарлар динамикасининг диверсификацияланаётганини кўрсатади. Бу эса ички ва ташқи саёҳат инфратузилмасини янада такомиллаштиришга эҳтиёж ортиб бораётганини англатади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг