Ўзбекистонга совуқ антитциклон кириб келмоқда — «Ўзгидромет»

17:00 07 Март 2026 Жамият
530 0

Бугун, 7 мартдан бошлаб мамлакат ҳудудига совуқ антитциклон кириб кела бошлайди. Бу ҳақида «Ўзгидромет» маълум қилди.

Унда айтилишича, совуқ антитциклон кириб келиши муносабати билан, атмосфера ҳавоси сифати ёмонлашиши кутилмоқда. Ҳаво айланишининг сустлиги ва ҳарорат инверсияси шаклланиши эҳтимоли туфайли ифлослантирувчи моддалар атмосферанинг ерга яқин қатламида тўпланиб боради. Қайд этилишича, айни пайтда ҳудудда ҳарорат инверсиясининг шаклланишига олиб келувчи метеорологик шароитлар кузатилмоқда. Бу кечаси 5-7 даража ва кундузи 16-18 даража илиқ бўлган кескин ҳарорат фарқи билан боғлиқ.

«Тошкент шаҳри нам ва нисбатан салқин ҳаво массаси таъсирида қолмоқда. Эрталабки соатларда туман, юқори намлик ва деярли шамолсиз об-ҳаво кузатилиб, бу ҳаво алмашинувининг жуда секин кечишига сабаб бўлади. Натижада чиқиндилар шаҳар ҳудудида сақланиб қолади», — дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, атмосферада шаҳарга хос бўлган одатий ифлослантирувчи моддалар тўпланади. Уларнинг асосий манбалари автотранспорт, иситиш тизимлари, ёқилғини ёқиш ҳамда саноат чиқиндиларидир. Бундай шароитда ифлослантирувчи моддаларнинг тарқалиши суст кечади ва ҳавода чанг ҳамда майда дисперсли заррачалар концентрациясининг ортиши кузатилиши мумкин.

«Ўзгидромет» хабарига кўра, бундай вазият яқин уч кун давомида сақланиб туриши мумкин. 10 мартга келиб совуқ антитциклон мамлакатимиз ҳудудини тўлиқ қамраб олади. Ҳаво ҳарорати барқарорлашиши, шамол тезлигининг ошиши ҳамда ёғингарчилик кузатилиши натижасида атмосфера ҳавосидаги ифлослантирувчи моддалар тарқалиши кутилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер