Ўзбекистонга олиб келинган вакциналар хавфсизми?
Ушбу саволга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев қуйидагича жавоб берди:
"Коронавирус хавфидан қутулиш, пандемиядан аввалги иқтисодий фаолликка эришиш учун йил охиригача 18 ёшдан катта аҳолининг камида ярмини эмлашга эришишимиз керак.
Тўғри бу осон бўлмайди. Чунки биринчи навбатда, дунё ривожланган давлатлари ўртасида вакцина талаш бўлаётган бир пайтда етарли қувватдаги вакциналар олиб келинишини таъминлаш ўзи энг катта муаммо.
Бундан ташқари бугунга келиб вакцинанинг ижобий ҳамда салбий жиҳатлари билан боғлиқ турли хил асоссиз ва сохта ахборотлар ҳам жуда кўпайиб кетди. Қолаверса, одамларимиз орасида кўпчилик нафақат вакцинага, балки коронавирусни борлигига шубҳа билан қарайди. Шунинг учун халқимизга эмлаш бўйича тўғри ва асосли маълумотларни етказиш, тарғиботни тўғри йўлга қўйиш талаб этилади.
Лекин инсон бир нарсани тарғиб қила олиши учун унга аввало ўзи ишониши, ўзи синовдан ўтказиши керак. Шу боис, Ўзбекистонга олиб келинаётган вакцина хавфсиз ва ишончлигига амин бўлиш учун ўтган ой мен ҳам кўнгилли тарзда ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси билан эмландим. Қолаверса, у қарийб 7 мингта юртдошимизда муваффақиятли синовдан ўтказилди.
Мамлакат аҳолисини оммавий эмлашда ишлатиладиган яна бир вакцина бу AstraZeneca бўлиб, ҳозирга қадар бу вакцина билан дунё бўйлаб 50 миллионга яқин одам (асосан Европа аҳолиси) эмланди. Улар орасида машҳур инсонлардан тортиб мамлакат сиёсий раҳбарларигача бор.
Мисол учун, Англия қироличаси Элизабетта II, Британия бош вазири Борис Жонсон, Жанубий орея президенти Мун Чже Инлар ҳам айнан AstraZeneca вакцинаси билан эмланди.
Шу кунларда айнан шу вакцинани талашиб, Европа Иттифоқи ва Британия ўртасига совуқчилик тушмоқда, Ҳиндистон ҳам ўзида ишлаб чиқарилаётган AstraZeneca вакциналар экспортини вақтинча тўхтатиб қўйиши ҳақида хабарлар берилмоқда. Бу бир томондан вакцина ишончли ва талабгор эканлигини тасдиқласа, бошқа томондан биз каби давлатларга ўз аҳолисини вакцина билан таъминлаш имкониятини янада қийинлаштиради.
Юқоридаги мисол ва рақамлардан кўриниб турибдики, аҳолимизни эмлашда фойдаланиши режалаштирилаётган ҳар иккала вакцина тури ҳам етарлича синовлардан ўтказилиб, миллионлаб одамлар томонидан муваффақиятли қабул қилинган.
Умид қиламанки, вакцина билан эмланиш таклиф қилинган юртдошларимиз ҳеч иккиланмай вакциналарни қабул қиладилар ҳамда халқимизда оммавий иммунитетни шакллантиришда ўз ҳиссаларини қўшадилар".
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг