Ўзбекистонда жазирама сабаб поездлар тезлиги чекланмоқда
Фото: Telegram
Ўзбекистонда ёз жазирамаси сабаб поездларнинг ҳаракатланиш тезлигига чекловлар ўрнатилмоқда. Бу ҳақда «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ ахборот хизмати маълум қилди.
Билдирилишича, ҳарорат кўтарилиши натижасида ер усти темир йўлларининг рельслари ҳамда уларнинг пўлат қисмларида ҳарорат жуда юқори бўлади. Шу боис, йўловчилар ва поездлар ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, поездлар ҳаракат тезлигига чекловлар ўрнатилади.
«Натижада поездлар ҳаракат жадвалидан кечикиб ҳаракатланиши мумкин. Ҳаракат тезлигига чекловлар ўрнатилган поездларда эса совитиш тизимининг ишлаш қуввати пасайиши мумкин», – дейилади хабарда.
«Ўзтемирйўлйўловчи» об-ҳаво шароити туфайли юзага келиши мумкин бўлган ноқулайликлар учун узр сўраган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг