Ўзбекистонда сув омборлар аэрокосмик технологиялар асосида мониторинг қилинмоқда
Бугунги кунда Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги (Ўзбеккосмос) томонидан мамлакатимизнинг иқтисодий тармоқларида аэрокосмик технологияларни жорий этиш, хусусан, сунъий йўлдош тасвирлари, учувчисиз учиш аппаратлари ҳамда янги авлод батиметрик ускуналари ёрдамида сув омборларининг ҳолатини ўрганиш ва уларнинг рақамли моделларини яратиш ишлари олиб борилмоқда.
Бугун, 17 март куни Сув хўжалиги вазирлиги ва «Ўзбеккосмос» агентлиги ҳамкорлигида сув омборларининг лойқа оқизиқлари билан тўлиш динамикасини аниқлаш мақсадида батиметрик ускуналар ҳамда аэрокосмик маълумотлардан фойдаланган ҳолда сув омборларининг рақамли 3D моделларини яратиш босқичларини оммавий ахборот воситалари вакилларига реал вақт режимида амалий тарзда намойиш этиш мақсадида медиа-тур ташкил этилди.

Медиа-тур давомида журналистлар, жамоатчилик фаоллари, соҳа мутахассислари ҳамда тадқиқотчилар жараённи бевосита кузатиш имконига эга бўлдилар. Мутахассислар томонидан батиметрик ускуналар ёрдамида сув омборлари тубининг чуқурлик кўрсаткичларини аниқлаш жараёни, шунингдек, аэрокосмик маълумотлар асосида ҳудудни масофадан туриб таҳлил қилиш усуллари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Космик тармоқни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-429-сонли қарори ижроси доирасида республикадаги 60 та сув омборида лойқа оқизиқлари билан тўлиш динамикасини мониторинг қилиш ишлари замонавий технологиялар ва қурилмалардан фойдаланган ҳолда йўлга қўйилган. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 14 октябрдаги «2024-2026 йилларда иқтисодиёт тармоқларида аэрокосмик технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-155-сонли Фармонига мувофиқ, 50 та сув омборида икки йиллик оралиқ билан қайта мониторинг ишлари амалга оширилмоқда.

Мазкур тадқиқотларда анъанавий ўлчов усулларидан фарқли равишда батиметрик ўлчовлар билан бир қаторда аэрокосмик маълумотлардан ҳам кенг фойдаланилди. Маълумки, батиметрик тасвирга олиш ускуналари асосан сув ости қисмидаги рельефни ўлчаш имконини беради. Бироқ кўплаб ҳолатларда сув омборлари турли сабабларга кўра (жумладан, гидротехник иншоотларнинг хавфсизлик талаблари сабабли) лойиҳавий ҳажмига тўлиқ тўлдирилмайди. Шу боис сув омборларининг тўлиқ ҳажми ва ҳолатини аниқлаш учун қўшимча аэрокосмик тасвирлар муҳим аҳамият касб этади.

Ўлчов ишларини бошлашдан аввал сув омборларининг сўнгги уч йиллик гидродинамик режими таҳлил қилинади. Бунда сув тўлдириш жараёнининг мавсумий хусусиятлари, сув сатҳининг максимал ва минимал кўрсаткичлари қайд этилган даврлар аниқланади. Сув омборларининг тўлиқ ҳажми ва ҳолати ҳақида аниқ маълумот олиш мақсадида уларнинг уч ўлчамли (3D) рақамли моделлари яратилиб, сув сатҳи энг паст бўлган даврда сув омборининг сув усти қисми ҳамда муҳофаза ҳудудлари аэрокосмик тасвирга олинади. Учувчисиз учиш аппаратлари парвозини амалга ошириш имкони бўлмаган ҳудудларда эса бевосита сунъий йўлдош тасвирларидан фойдаланилди.
Мисол учун, 2025 йилда Андижон (Кампиробод) сув омбори бўйича олиб борилган тадқиқотларда ҳам аэрокосмик тасвирлар қўлланилган бўлиб, мазкур сув омбори Қирғизистон билан чегарадош ҳудудда жойлашган. Лойиҳа бўйича сув йиғиш сатҳи 906 метрни ташкил этади. Бироқ 2022 йилда икки давлат ўртасида имзоланган келишувга мувофиқ сув йиғиш даражаси 900 метр сатҳгача чекланган.


Шунингдек, сув сатҳи юқори бўлган даврда, асосан суғориш мавсуми бошланишидан олдин март, апрель ва май ойларида сув омборларида батиметрик тасвирга олиш ишлари амалга оширилади. Бунда замонавий «NORBIT iWBMSe» кўп нурли батиметрик қурилмасидан фойдаланилади. Ушбу ускуна лидар сканери принципига ўхшаш тарзда кўп нурли технология асосида ишлайди ва сув омбори тубини тўлиқ сканерлаш имконини беради. Ўлчов жараёнида моторли қайиқ GPS ва навигация тизимлари орқали бошқарилиб, бу ўлчовларнинг аниқлигини сезиларли даражада оширади.

Аввалги анъанавий усулларда эса сув омбори ҳажми маълум оралиқларда олинган кўндаланг профиллар асосида математик ҳисоблаш йўли билан аниқланган. Бунда кўпинча «штанга ташлаш» усули – юкламали арқон ёки занжир ёрдамида чуқурлик ўлчаш, айрим саёз ҳудудларда эса рейкалар ёрдамида ўлчовлар амалга оширилган. Кейинчалик ушбу усул допплер профилографлар ёки бир нурли эхолотлар ёрдамида модернизация қилинган бўлсада, шамол, сув оқими, профиллар масофалари орасидаги бўшлиқлар ҳамда профилларнинг параллель бўлмаслиги каби омиллар ўлчов аниқлигига таъсир кўрсатган.

Замонавий аэрокосмик ва кўп нурли батиметрик усуллар ёрдамида олинган маълумотлар махсус дастурий таъминот орқали бирлаштирилиб, сув омборларининг ягона рақамли 3D модели яратилади. Ушбу модель асосида сув омборларининг ҳар 10 сантиметр (зарурат бўлганда 1 сантиметргача) сув сатҳи бўйича сув ҳажми ва сув юзаси майдонини аниқлаш имконияти яратилади. Натижада космик тасвирлар ёрдамида сув омборларидаги сув сатҳи ва ҳажмини кундалик асосда мунтазам мониторинг қилиш имконияти пайдо бўлади. Бу эса сув ресурсларини самарали бошқариш, суғориш жараёнларини режалаштириш ҳамда гидротехник иншоотлар хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Пресс-тур иштирокчилари ушбу замонавий технологиялар сув омборларини мониторинг қилишда нақадар муҳим аҳамият касб этишини бевосита кўриш имконига эга бўлдилар. Тадбир якунида мутахассислар томонидан ушбу технологиялар сув ресурсларини самарали бошқариш, сув омборларининг ҳақиқий ҳажмини аниқлаш, лойқа оқизиқлар билан тўлиш динамикасини мунтазам кузатиш ҳамда гидротехник иншоотлар хавфсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг