Ўзбекистонда маданият ва туризм соҳасида малакали кадрлар тайёрлашда Швейцария тажрибаси ўрганилмоқда

17:57 03 Апрель 2023 Сиёсат
733 0

Фото: Халқ сўзи

Айни кунларда Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Швейцариянинг профессионал таълим тизими билан танишиш мақсадида хизмат сафарида бўлиб турибди.

Хизмат сафарининг биринчи кунида Швейцария таълим, тадқиқот ва инновациялар давлат котибияти (SERI) ҳамда Швейцария профессионал таълим ва малака ошириш федерал университетида (SFUVET) учрашувлар ўтказилди.

Таъкидлаш керакки, мулоқот давомида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Педагогик инновациялар институти ҳамда Швейцария профессионал таълим ва малака ошириш федерал университетининг ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилиниб, профессионал таълим тизими ходимлари учун малака ошириш курсларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Шунингдек, Швейцариянинг таълим, тадқиқот ва инновацион устуворликлари, профессионал таълим тизимининг асосий элементлари билан яқиндан танишилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон вакиллари соғлиқни сақлаш соҳасидаги компаниялараро курсларда тиббиёт йўналишидаги профессионал таълим муассасалари ўқувчиларининг амалиёт ўташ жараёнлари билан танишди.

«Hotelleriye Suisse» меҳмонхоналар уюшмасида ташкил этилган учрашувда эса меҳмонхона хўжалигида ўрта бўғин кадрлар билан бирга олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш тажрибаси ўрганилди. Шу билан бирга, Лозанна шаҳридаги Туризм ва меҳмонхона хўжалиги (EHL) мактабида Ўзбекистонда туризм ва меҳмонхона йўналишида ўрта бўғин кадрлар тайёрлашда ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, Туризм ва меҳмонхона хўжалиги мактаби раҳбарияти мактаб таълим дастурларини Ўзбекистон туризм йўналишидаги профессионал таълим муассасаларида жорий этишга тайёр эканлигини ва бу борада тегишли мутахассисларни жалб этишини таъкидлади.

Қайд этиш жоизки, ташриф давомида Швейцариядаги умумтаълим мактаб ўқувчилари ва катталарни касбга қизиқтириш бўйича амалий тажрибалар билан танишиш, профессионал таълим тизимида хусусий сектор ҳамкорлигида ўрта бўғин кадрларни тайёрлаш юзасидан илғор тажрибаларни Ўзбекистонда татбиқ этиш каби устувор вазифаларни муҳокама қилиш режалаштирилган.

Маълумот учун, Швейцарияда 15 ёшга тўлган ва мажбурий таълимни тугатган ўқувчилар касб ўрганиш ёки олий таълим олиш имкониятига эга бўлади. Таълим харажатлари тўлиқ давлат томонидан қопланади.

Профессионал таълим 2 қисмдан иборат бўлиб, 2 йил давомида касбга ўқитилган ўқувчиларга давлат намунасидаги сертификат ёки 3-4 йил давомида ўқиб касб эгаллаган ўқувчиларга давлат намунасидаги диплом берилади. Ўз навбатида ёшлар таълим олиш учун олий таълим коллежларида ва академик таълим олиш учун университетларда ўқишни давом эттириш имкониятига эга.

Швейцарияда профессионал таълимда ўқувчилар 240 дан ортиқ касбга дуал таълим шаклида ўқитилади. Ушбу кўрсаткич таълим тизимининг 91 фоизини ташкил этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер