Ўзбекистонда коронавирусдан тузалганлар сони 900 нафарга яқинлашди
Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Шу соатларда Хоразм вилояти юқумли касалликлар шифохонасида 33 нафар коронавирус инфекциясига чалинган беморлар бутунлай соғайди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.
Соғайганларнинг 30 нафари жорий йил 22 март куни Россиядан чартер рейс билан келишган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Қолган 3 нафари эса коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Улардан 29 нафари эркак, 4 нафари аёллардир. Ҳудудлар кесимида оладиган бўлсак, Хоразм, Наманган ва Фарғона вилоятларидан 5 нафардан, Бухоро ва Андижон вилоятларидан 4 нафардан, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларидан 3 нафардан, Навоий, Тошкент, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳридан 1 нафардан. Улар орасида энг ёши каттаси 61 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 20 ёшда.
Қорақалпоғистон Республикаси юқумли касалликлар шифохонасидан ҳам 21 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор соғайди.
Соғайганларнинг барчаси Қорақалпоғистондан (15 нафари Нукус шаҳридан, 4 нафари Мўйноқ туманидан, яна 2 нафари Қўнғирот туманидан) бўлиб, барчаси коронавирусга чалинганлар билан мулоқот орқали юқтириб олишган. Беморларнинг 9 нафари эркак, 12 нафари аёл бўлиб, улар орасида энг ёши каттаси 64 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 5 ёшда. Самарали даволаш муолажалари туфайли бугунги кунда лаборатория текширувлари уларнинг дарддан бутунлай фориғ бўлганини кўрсатди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, айни пайтга қадар мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар 880 нафарни ташкил этмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг