Ўзбекистонда коронавирус даврида аҳоли бандлигини таъминлаш учун 700 млрд сўм ажратилади
Ўзбекистонда коронавирус туфайли юзага келган шароитда ишсизликка қарши курашиш учун 200 миллиард сўм ажратилади. Бу ҳақда коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Йиғилишда аҳолини ижтимоий ҳимоялаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Карантинга ёпилган муассасалар ходимлари, карантиндаги фуқаролар ва уларга қаровчиларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий нафақа олувчилар сонини камида 10 фоизга ёки 60 мингтага ошириш бўйича вазифалар қўйилган.
Карантиндаги фарзандларига қараётган ота-оналарни ишдан бўшатишга мутлақо йўл қўйилмайди. Уларга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси юз фоиз тўлаб берилади.
Мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари фаолияти тўхтаб турган даврда тарбияланувчилар ва бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналарига ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга йиллик меҳнат таътилидан фойдаланишнинг йиллик режасидан қатъи назар йиллик меҳнат таътили тақдим этилади.
Иқтисодий фаоллик пасайган пайтда аҳоли бандлиги масаласи алоҳида эътибор талаб этади. Шу боис Инқирозга қарши жамғармадан Жамоат ишлари жамғармасига қўшимча 200 миллиард сўм ажратилади. Ушбу маблағлар одамларни иш билан таъминлаш, бунинг учун маҳаллаларда қўшимча инфратузилма объектлари қуришга йўналтирилади. Шунингдек, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига 500 миллиард сўм қўшимча маблағ берилиб, иш ўринлари яратадиган бизнес субъектларга кўмаклашилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг