Ўзбекистонда автомобилларга газ ускуналарини ноқонуний ўрнатиш ҳолатлари кўпайди
Сенатнинг ялпи мажлисида газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситалари хавфсизлигини таъминлашнинг аҳволи ва бу борадаги қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилди.
2021 йилда автотранспорт воситаларига газ ускуналарини ноқонуний ўрнатиш билан боғлиқ 2928 та ҳолат аниқланган, бу 2020 йилга нисбатан 61 фоизга кўпдир.
Шунингдек, автомобиль газ тўлдириш компрессор станцияларида газ баллонларини тўлдиришда белгиланган талаблар ва тартибини бузиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Газ баллонларини техник синовдан ўтказиш бўйича сохта ҳужжатларни расмийлаштириш ҳолатлари мавжуд.
Хусусан, 2021 йилда 36 нафар юридик ва жисмоний шахс томонидан автотранспорт воситаларига газ баллонларини ўрнатиш ва синовдан ўтказиш ишлари ноқонуний равишда амалга оширилган.
16 нафар жисмоний ва юридик шахслар томонидан газ баллонларини техник синовдан ўтказиш бўйича сохта далолатномалар тайёрлаш билан шуғуллангани аниқланди.
Сенаторлар юқоридаги масалалар юзасидан ҳукуматга парламент сўрови юбориш тўғрисида қарор қабул қилдилар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг