Ўзбекистонда 2024 йил давомида қанча одам озодликдан маҳрум қилинган?

14:46 12 Февраль 2025 Жамият
420 0

Ўзбекистон Республикаси Олий суди 2024 йил давомида кўриб чиқилган жиноят ишлари бўйича ҳисоботини эълон қилди.

Маълум қилинишича, 2024 йилда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 77 995 нафар шахсга нисбатан 61 481 та жиноят иши кўриб чиқилган. Шундан 20 659 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш ва 39 763 нафарига эса бошқа турдаги жазолар тайинланган.

«Судланган шахсларнинг 54 370 нафари эркак, 7 132 нафари аёл, 22 757 нафари ёшлар (шу жумладан 2 214 нафари вояга етмаган) ва 2 637 нафари 60 ёшдан ошган фуқаролардир» дейилади хабарда.

Бундан ташқари, 7 956 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залида қамоқдан озод қилинган. 33 151 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод этилди. 11 581 нафарига тайинланган жазоси енгили билан алмаштирилди ва 14 991 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланган.

Ҳисобот даврида кўрилган жиноят ишларнинг аксариятини фирибгарлик, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, ўғрилик, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш, қасддан баданга енгил шикаст етказиш, безорилик, қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш билан боғлиқ жиноятлар ташкил этган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер