Ўзбекистон ва Япония атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик меморандумини имзолади

18:12 24 Декабрь 2022 Сиёсат
517 0

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

2022 йил 23 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов ва Япония атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Акихиро Нишимура ўртасидаги учрашувда экология соҳасидаги Ўзбекистон-Япония муносабатларини янада фаоллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Япония парламентининг Ўзбекистон билан дўстлик лигаси аъзоси А.Нишимура мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижаларидан ҳайратда эканини маълум қилди.

Томонлар шу йилнинг октабр ойида Тошкент шаҳрида Ўзбекистонда яшил технологияларни жорий этиш ва декарбонизациялаш жараёнини жадаллаштириш мақсадида Япония инвестициясини жалб этишни назарда тутувчи «Қўшма кредитлаш механизми» бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланганини олқишладилар.

Япония Орол денгизи қуришининг оқибатларини бартараф этишда, жумладан, Оролбўйи ҳудудида инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик Траст фонди фаолиятида иштирок этиш орқали Ўзбекистонга кўмак беришда давом этишга тайёр.

Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Япония атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида Меморандум имзоланди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов ва Япония Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Акихиро Нишимура имзолаган ҳужжат миллий, минтақавий ва глобал миқёсдаги экологик муаммоларни ҳал этиш ва уларга жавоб бериш бўйича икки мамлакат атроф-муҳит агентликлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер