Ўзбекистон ва Италия дипломатик муносабатларига 30 йил тўлди
Жорий йилнинг 25 март куни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Ўзбекистон Республикаси ва Италия Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда сенаторлар, дипломатлар, ЖИДУ профессор-ўқитувчилари, халқаро ташкилотлар вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Содиқ Сафоев тадбирни очар экан, Ўзбекистон Италияни бетакрор тарихий-маданий меросга эга мамлакат ва айни вақтда дунёнинг салмоқли иқтисодий, илмий-техникавий ва интеллектуал салоҳияти бор йирик саноат марказларидан бири деб билишини ҳамда Италиянинг халқаро майдондаги, хусусан, Европа Иттифоқи, G-7 ва G-20 доирасидаги самарали фаолиятини катта қизиқиш билан кузатиб боришини таъкидлади.
– Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги муносабатлар халқларимиз манфаатларига хизмат қилмоқда. Мамлакатларимизнинг БМТ, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотидаги қатор масалалар бўйича ёндашувлари бир-бирига яқин. Айниқса, кейинги йилларда Италиянинг Марказий Осиёга қизиқиши ортиб бормоқда. Ўтган йилнинг декабрида биринчи марта «Марказий Осиё – Италия» форматидаги мулоқот ўтказилди. Ҳозирда муносабатларни юқори даражага кўтаришни ният қилганмиз. Биз учун устувор йўналиш – бу иқтисодий ҳамкорлик. Италия – дунёнинг энг кучли иқтисодий ривожланган марказларидан бири. Шу нуқтаи назардан тўқимачилик, чарм-пойабзал, авиасозлик, машинасизлик, фармацевтика, қурилиш материаллари, нефть ва газ соҳаларида италиялик сармоядорларни жалб қилиш ва улар билан ҳамкорликни кенгайтиришга эътиборни кучайтирамиз, - деди С. Сафоев. – Қолаверса, фан, таълим, маданият соҳасида ҳамкорлик тобора ривож топмоқда. Хабарингиз бор, Тошкентда бир неча йил олдин Турин политехника университетининг филиали очилган. Шу йилнинг ўзида Тошкент ва Бухоро шаҳарларида Италиянинг яна иккита олийгоҳи ўз кампусини очиши кутилмоқда.
1992 йилдан бери ўтган давр ичида Ўзбекистон ва Италия ўртасида конструктив сиёсий мулоқот ҳамда савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг самарали механизмлари йўлга қўйилди.
Сўзга чиққанлар сўнгги йилларда икки давлатнинг ташқи сиёсий идоралари ва парламентлари мулоқоти ҳамда савдо-иқтисодий ва инвестиция ҳамкорлиги, технологик ва саноат тараққиёти йўналиши учун масъул вазирлик ва агентликлар ўртасидаги алмашинувлар сезиларли жадаллашганини қайд этди.
Икки мамлакатнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида давлатлараро савдода барқарор ўсиш кузатилмоқда, яқин йилларда бу кўрсаткич ҳозирги 500миллион доллардан 1 миллиард АҚШ долларига етиши кутилмоқда. Қўшма саноат лойиҳалари, жумладан, “Danieli”, “Pietro Fiorentini”, “Wood” ва “Ferroli” каби Италия компаниялари билан ҳамкорлик кўлами ортиб бормоқда.
Италиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Агостинно Пинна:
– Мен аввало, муҳим анжуманни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ташкил этилгани учун миннатдорчилик билдираман. Негаки, Ўзбекистоннинг бўлғуси дипломатлари айнан шу даргоҳдан чиқади. Бу учрашувга ўзим билан бирга Марказий Осиё бўйича тадқиқотчи, профессор олим Паоло Сарторини олиб келганман. Ўзбекистоннинг ўрта асрларга оид тарихи ва қўлёзмалари ҳақидаги маърузаси кўпчиликка манзур бўлди.
Биз Ўзбекистон билан қишлоқ хўжалиги, саноат, илғор технологиялар, тиббиёт каби соҳалардан ташқари архитектура қурилиши борасидаги тажрибамиз билан ўртоқлашмоқчимиз. Шунингдек, Италиянинг замонавий технологик компаниялари билан мактаб таълимини ривожлантиришда тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, Ўзбекистон умумтаълим мактабларида итальян тилини оммалаштириш, аниқ фанларни итальян тилида ўқитиш мақсадида италиялик мутахассисларни жалб қилиш ҳамда Ўзбекистонда имконияти чекланган ўқувчиларнинг сифатли таълим олишларини таъминлаш борасида ҳамкорлик истиқболлари юқори, деб ўйлайман.
Муҳокамалар жараёнида маданият, фан ва таълим соҳасидаги икки томонлама алоқа ришталари алоҳида қайд этилиб, Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги анъанавий дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатлар келгусида ҳам ушбу мамлакатларнинг халқлари фаровонлиги йўлида янада мустаҳкамланишига ишонч билдирилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг