Ўзбекистон UNWTO Бош Ассамблеяси Президенти этиб сайланди

17:43 02 Июнь 2023 Жамият
950 0

Фото: Маданият ва туризм вазирлиги Ахборот хизмати

Шу кунларда Болгариянинг София шаҳрида Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Европа комиссиясининг 68-йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Унда Маданият ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Аъзамов раҳбарлигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда.

Нуфузли тадбирда ташкилотнинг қатор ваколатли органлари учун сайловлар ўтказилмоқда. Қувонарлиси, сайловлар якунига кўра Ўзбекистон 3 та номинацияда ғолиб деб топилди. Жумладан, халқаро ташкилот томонидан Ўзбекистонга UNWTO Бош Ассамблеясининг 25-юбилей сессиясида мезбон сифатида президентлик қилиш ваколати берилди. Ушбу расмий ваколат топширилар экан, ташкилот раҳбарияти ва аъзолари томонидан бугунги кунда UNWTO Бош ассамблеясининг 25-юбилей сессиясини ўтказиш бўйича Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган тайёргарлик ишларини ҳамда мамлакатда туризмни ривожлантиришда олиб борилаётган ислоҳотлар алоҳида эътироф этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон кейинги 2023 — 2027 йиллар муддатига UNWTO Ижроя кенгашининг Ваколатлар бўйича қўмитаси аъзолигига қабул қилинди. Бу UNWTO Ижроя кенгаши томонидан қабул қилинадиган муҳим қарор ва ҳужжатлар, уларда аъзо давлатлар иштироки ҳаққонийлиги ҳамда тамойилларга мослигини назорат қилиш ваколати Ўзбекистонга ишониб топширилганлигини билдиради.

Бундан ташқари, Ўзбекистон 2023 – 2027 йиллар давомида UNWTO Афилланган аъзолар қўмитасига сайланди. Мазкур Қўмита дунё бўйлаб 500 дан ортиқ туризм соҳаси хусусий ташкилотлари, уюшмаларни ўз ичига олганлиги, мамлакатимиз учун кенг имкониятларни очиб беради.

Шунингдек, тадбир доирасида иштирокчиларга “Самарқанд — Янги Ўзбекистон туризм дарвозаси” тақдимоти амалга оширилди. Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 16-20 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида UNWTO Бош Ассамблеясининг 25-юбилей сессияси бўлиб ўтади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер