Ўзбекистон – Словакия: парламентлараро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 17 афпрель куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Словакия Республикаси Миллий кенгаши раиси Борис Коллар бошчилигидаги парламент делегацияси билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Словакия муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, хусусан икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида таъкидланганидек, айни пайтда иккала давлатда ҳам ўзаро ҳамкорликнинг барча йўналишларини, жумладан, савдо, инвестициявий, маданий-гуманитар соҳаларда алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш учун салоҳият етарли.
Сенат Раиси Т.Нарбаева парламентлараро алоқалар изчил ривожланиши Ўзбекистон-Словакия муносабатларини кенгайтиришга, умуман олганда, ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилишини, парламент аъзоларининг ўзаро ташрифларини амалга ошириш, қонунчилик, парламент назорати ва бошқа йўналишларда тажриба алмашиш зарурлигини таъкидлади. Бунда Словакия парламенти билан алоқаларни барча даражаларда тизимли ва самарали йўлга қўйиш муҳимлигига эътибор қаратиб, ўзаро мулоқотнинг яна бир муҳим механизми - парламентлараро дўстлик гуруҳлари институти имкониятларидан фойдаланган холда ўзаро ҳамкорликни жонлантириш лозимлигини қайд этди.
Ўз навбатида, Б.Коллар самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон қисқа вақт ичида прогрессив демократик ислоҳотлар ўтказишга эришганини ва бу билан дунёга очилгани ҳамда жаҳон ҳамжамиятида ўз муносиб ва мустаҳкам ўрнига эга бўлаётганини мамнуният билан қайд этди. Шунингдек, бугунги конституциявий ислоҳотлар жараёнида Ўзбекистон парламенти ваколатларининг янада кучайтирилаётганини олқишлади. Словакия Ўзбекистон билан савдо, иқтисодий йўналишдаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини, бунда парламентлараро мулоқот салоҳиятидан кенг фойдаланиш зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, суҳбат давомида парламентларнинг тегишли қўмиталари ўртасида савдо, иқтисодиёт, инвестиция, инновация, банк-молия, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро доимий алоқаларни йўлга қўйиш юзасидан ҳам фикр алмашилди. Хусусан, Савдо-иқтисодий муносабатлар икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири эканлиги, сўнгги икки йилда ўзаро савдода ижобий ўсиш тенденцияси кузатилганига қарамай, кўрсаткичлар икки давлатнинг мавжуд иқтисодий имкониятларини ўзида тўлиқ акс эттирмаслиги айтиб ўтилди.
Учрашув якунида парламент фаолияти соҳасида тажриба алмашиш, тегишли қўмиталар ва дўстлик гуруҳлари раҳбарлари даражасида парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш, халқаро парламент ташкилотлари доирасида томонларнинг позицияларини ўзаро қўллаб-қувватлаш ва мувофиқлаштиришга келишиб олинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг