Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти Франкфурт-Майн шаҳрида намойиш этилди
Фото: “Дунё” АА
Германиянинг Франкфурт-Майн шаҳрида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди.
“Дунё” АА хабарига кўра, тадбир мамлакатимизнинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонаси ва Ўзбекистон ТИВ ҳузуридаги дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюроси томонидан “SAMO Travel” ва “Nüma GmbH” сайёҳлик компаниялари билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тақдимотда Германиянинг 20 дан ортиқ етакчи сайёҳлик компаниялари, шунингдек, Германия ишбилармон доира вакиллари, журналистлар, маданият ва санъат намояндалари қатнашди.
Тадбир давомида “Nüma GmbH” компанияси раҳбари Далия Алтунтепе ва “SAMO Travel” маслаҳатчиси Тўлқин Одилов Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари ва диққатга сазовор жойлари ҳақида маъруза қилдилар. Шунингдек, Ўзбекистоннинг замонавий туризм хизматлари ва инфратузилмаси ҳақидаги видеолавҳалар иштирокчилар эътиборига тақдим қилинди.
Иштирокчилар Ўзбекистонда туризм соҳасини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, соҳани барқарор ривожлантириш бўйича меъёрий-ҳуқуқий базани модернизация қилиш, шунингдек, мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий мероси ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдилар.
Бош консул Олимжон Абдуллаев йиғилганларни мамлакатимизнинг гастрономик, зиёрат, этник ва маданий туризм йўналишлари билан таништирди.
Тақдимот давомида бўлиб ўтган музокаралар натижасида Германия сайёҳлик компаниялари билан ҳамкорликда янги туризм дастурларини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, 2024 йил учун қўшма ярмаркалар, тақдимотлар ва турли мавзудаги кечаларни ўтказиш бўйича аниқ режалар белгилаб олинди.
“Анор” меҳмонхонасининг анжуманлар залида бўлиб ўтган тақдимот доирасида ўзбек ошхонасининг миллий таомлари, жумладан, байрамона палов пиширилди ва иштирокчиларга улашилди.
Тадбир якунида жорий йилнинг апрель ва сентябрь ойларида Германиядан Ўзбекистонга саёҳат маршрутларини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг