Ўзбекистон Республикаси давлат харидлари тизимини янада ривожлантиришга бағишланган халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди
Фото: Молия вазирлиги
Ҳаммамизга маълум сўнгги йилларда давлат харидлари соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Давлат буюртмачилари ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун қулайликлар яратилмоқда, хусусан, соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат харидлари жараёнларини рақамлаштириш орқали инсон омили иштирокини камайтиришга қаратилган бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.
Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2021 йилда республика бўйича жами 147,4 трлн. сўмлик давлат харидлари амалга оширилди. Бу эса ЯИМнинг 20,1 фоизини ташкил қилади. Шундан қарийб 28 трлн. сўм қийматдаги харидлар (жами харидларнинг 19%) электрон савдолар орқали амалга оширилди. Рақобатли харид қилиш тартиб-таомилларини ўтказиш натижасида 5,8 трлн. сўм маблағлар иқтисод қилинишига эришилди.
Шу нуқтаи назардан амалга оширилаётган ислоҳотларни тизимли равишда давом эттириш, давлат харидлари тизимини келгусида ривожлантириш бўйича стратегиясини ишлаб чиқиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 майдаги 276-сон «Давлат харидларини амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорида Молия вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда халқаро молия институтларини жалб қилган ҳолда Давлат харидлари соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш стратегияси лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.
Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Молия вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида маҳаллий ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда Давлат харидлари тизимини ривожлантириш стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди.
2022 йил 28 октябрь куни Тошкент шаҳрида (ҳудудлар Zoom платформаси орқали) Давлат харидлари тизимини ривожлантириш стратегияси лойиҳаси тақдимоти ва унинг муҳокамаси, шунингдек, Европа Тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган Давлат харидлари бўйича марказий ахборот портали ҳамда Жаҳон банки билан ҳамкорликда яратилган шикоятларни кўриб чиқиш бўйича электрон модули тақдимотига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давра суҳбати Жаҳон банки ҳамда Буюк Британиянинг Халқаро ривожлантириш вазирлиги (УКаид) кўмагида ташкил этилган бўлиб, унда мутасадди вазирлик ва идоралар, давлат корхоналари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирок этди.
Давра суҳбатида Молия вазири ўринбосари Г. Рахимова, Давлат харидлари департаменти директори С. Назаров, бўлим бошлиғи Ж. Зокиров, Молия вазирлиги ҳузуридаги Ўқув маркази директори И. Хамидова, Жаҳон банкининг Харид бўйича мутахассислари Н. Курманалиев, К. Хасан ва Ф. Рахимов, Европа тикланиш ва тараққиёт банки маслаҳатчилари Д. Житару, Э. Невядомска ва П. Борода, Франция тараққиёт агентлиги маслаҳатчиси Д. Иварссон ўз маърузалари билан иштирок этди.
Иштирокчилар давра суҳбати давомида кўриб чиқилган масалалар ҳамда тизимни ривожлантириш юзасидан ҚР-код орқали онлайн саволномани тўлдириш билан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг