Ўзбекистон — Қатар: стратегик шериклик сари
Жаҳоннинг энг ривожланган, дунёдаги энг кўп табиий заҳирага эга ва ташқи савдода Япония, АҚШ, Буюк Британия, БАА, Германия каби давлатлар билан яқин ҳамкорлик олиб борувчи Қатар эндиликда Ўзбекистон билан ўз муносабатларини стратегик шериклик даражасига кўтариш учун мулоқот доирасини кенгайтирмоқда. Бунга Президентимизнинг Қатар Давлатига ташрифи фикримизнинг ёрқин ифодаси бўла олади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қатар ўртасида савдо-иқтисодий алоқалар жадаллашиб бормоқда. Жумладан, ўтган йили ўзаро савдо ҳажми 4,8 млн. долларни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг биринчи ярмида ушбу кўрсаткич ҳажми 4,5 млн. АҚШ долларига тенг бўлди.
Бунда давлатларимиз раҳбарларининг доимийлик касб этган мулоқотлари, ушбу учрашувлар чоғида эришилган келишувлар муҳим аҳамият касб этаётир.
Шу маънода, Доҳа шаҳридаги “Амири Девон” мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Президентини расмий кутиб олишга бағишланган тантанали маросим юртдошларимиз, кенг жамоатчилик диққат-эътиборида бўлди.
Хусусан, Доҳа шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг олий даражадаги музокаралари бўлиб ўтди. Унда сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш масалалари кўриб чиқилди. Музокаралар жараёнида ўзаро савдо ҳажми ошаётгани, икки мамлакат пойтахтлари ўртасида авиақатновлар йўлга қўйилгани, Қатарнинг йирик компаниялари билан қўшма лойиҳалар бошлангани қайд этилди.
Музокараларда ҳар икки мамлакат савдо кўрсаткичларини каррасига ошириш, анъанавий ва “яшил” энергетика, нефть-кимё, металларни чуқур қайта ишлаш, қурилиш, туризм, молия ва бошқа соҳаларда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари хусусида сўз борди. Ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш учун 2024 йил январь ойида Доҳада қўшма Ҳукуматлараро комиссия, Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилишлари ва бизнес форумини ўтказиш таклиф қилинди.
Ишонмизки, бу каби савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имконини бераётган таклифлар икки томон учун ҳам манфаатли кечади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг музокараларидан сўнг ҳамкорликнинг турли соҳаларини қамраб олган “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қатар Давлати Ҳукумати ўртасида туризм ва ишбилармонлик тадбирлари соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим”; “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Қатар Давлати Ижтимоий ривожланиш ва оила вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум”; Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Қатар Давлати Ички ишлар вазирлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми”; “Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ва Қатар Давлати Инвестиция агентлиги ўртасида инвестициявий ҳамкорлик тўғрисида ўзаро англашув меморандуми”; “Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Қатар Давлати Маъмурий назорат ва шаффофлик бошқармаси ўртасида ўзаро англашув меморандуми” каби муҳим ҳужжатлар имзоланди.
Шунингдек, маданият, таълим ва туризм соҳаларидаги алмашинувни кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, илмий ва таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, биотехнологиялар ва сунъий интеллект, “яшил” энергетика борасида қўшма тадқиқотлар ўтказиш бўйича ҳам келишувларга эришилди.
Бу келишувлар икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг тарихий аҳамиятга молик янги даврини бошлаб бериши, шубҳасиз.
Албатта, илм, инновация тараққий этган ушбу давлатнинг олий таълим муассасалари билан ўрнатиладиган ҳамкорлик алоқалари ҳар томонлама манфаатлидир. Бу борада Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги делегацияси билан академик ва илмий алоқаларни ривожлантириш, сунъий интеллект, биотехнология, “яшил” энергия ва экологик барқарорлик йўналишларида ҳамкорликни йўлга қўйиш, олийгоҳлараро академик алоқаларни мустаҳкамлашга доир учрашувлар ташкил қилиниб, қатор ҳужжатлар имзолангани эътиборга молик.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, олиб борилаётган очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат ҳудудларда ҳам ўз самарасини кўрсатмоқда. Хусусан, жорий йил бошида Фарғона вилоятида бўлган Қатар Давлатининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳасан Ҳамза Ҳошим вилоят ҳокими билан бўлиб ўтган мулоқот чоғида ҳудудда барча йўналишларда ҳамкорлик кўламини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга тайёр эканлигини билдиргани ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш бўйича бир қатор ташаббусларни қўллаб-қувватлагани таҳсинга сазовордир.
Хулоса ўрнида айтганда, давлатимиз раҳбарининг ушбу ташрифи икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очди. Ўзбекистон — Қатар ўзаро муносабатларини ҳар томонлама тараққий эттиришда ва эришилган келишувларни ўз вақтида, изчил амалга оширишда мамлакатимиз биз, зиёлилар, олий таълим муассасалари вакиллари ҳам камарбаста бўламиз.
Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,
Фарғона давлат университети ректори, профессор.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг