​Ўзбекистон Президентининг совғаси Афғонистонга топширилди

19:04 19 Ноябрь 2018 Сиёсат
1669 0

Кобул шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан мамлакатимизда ишлаб чиқарилган 25 та автобусни Афғонистон Ислом Республикаси Олий таълим вазирлигига топшириш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, давлатимиз раҳбарининг афғон халқига туҳфасини мамлакатимизнинг мазкур давлатдаги элчиси топширди.

Маросимда сўзга чиққан вазирлик ва идораларнинг расмий вакиллари барча соҳадаги Афғонистон — Ўзбекистон муносабатларининг сезиларли даражада фаоллашганини, бу, аввало, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган очиқлик ва қўшни Афғонистон билан дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган сиёсат билан чамбарчас боғлиқлигини мамнуният билан қайд этдилар.

— Савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштириш, Афғонистонга йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда кўмаклашиш ва уни минтақавий иқтисодий интеграция жараёнларига жалб этиш орқали мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни ўрнатишга қаратилган Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатлари юксак эътирофга лойиқ, — деди Афғонистон Ислом Республикаси транспорт вазири Муҳаммад Ҳамид Таҳмасий.

Олий таълим вазири Нажибулла Хўжа Омарий Ўзбекистон Президентига афғон халқига кўрсатилган юксак эътибор учун чуқур миннатдорчилик изҳор этиб, ушбу саъй-ҳаракат Ўзбекистоннинг Афғонистон халқига дўстона муносабатининг ёрқин намунаси эканлигини билдирди.

— Биз халқимизнинг эҳтиёж ва орзу-умидларини рўёбга чиқаришга қўшаётган ҳиссаси учун Ўзбекистон томонига самимий миннатдорлигимизни изҳор этамиз, — дейди Афғонистон молия вазири ўринбосари Абдулла Рақибий. —Ўйлаймизки, икки томонлама муносабатларимиз бундан кейин ҳам барча соҳада изчил ривожланиб, равнақ топиб бораверади.

О. ЛУТФУЛЛАЕВ тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер