Ўзбекистон Мусулмон оқсоқоллар кенгаши билан фаол ҳамкорлик олиб боради
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Мусулмон оқсоқоллар кенгаши бош котиби Муҳаммад Абдусалом билан музокара ўтказди.
Мусулмон оқсоқоллар кенгаши билан кенг кўламли алоқаларни мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик ҳамда анъанавий ислом қадриятларини мустаҳкамлаш борасида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Суҳбат давомида мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида маърифат ва диний бағрикенглик масалаларига алоҳида эътибор берилаётгани, сўнгги етти йилда соҳа бўйича 50 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилингани айтиб ўтилди.
Ўзбекистоннинг миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни ўрнатиш сиёсати Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа халқаро ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларга тўла мос келиши таъкидланди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоиз, юртимизда турли миллат ва дин вакилларининг ўз салоҳиятини тўлақонли амалга ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун конституциявий кафолатлар таъминланган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси, унинг ҳудудлардаги вакилликлари, 3 та олий ва 10 та ўрта махсус таълим муассасаси ҳамда 16 та конфессияга тегишли 2300 дан ортиқ диний ташкилот фаолият юритмоқда.
Муҳаммад Абдусалом Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббуси халқаро майдонда ҳам эътироф этилаётгани, ҳужжат мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга туртки бўлганига алоҳида тўхталди.
Ўзбекистоннинг бутун дунё мусулмонлари учун жуда катта аҳамиятга молик экани, ушбу юртдан етишиб чиққан олимлар нафақат мусулмон оламига, балки бутун дунё учун ҳам катта илмий мерос қолдиргани таъкидлаб ўтилди.
Учрашув якунида ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш, делегациялар ташрифларини амалга ошириш, биргаликда турли илмий ва амалий тадбирларни ташкил этишга келишиб олинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг