“Ўзбекистон” локомотив депосининг “Чуқурсой” филиали фойдаланишга топширилди
Фото: Aбдумуталиб Тойиров / “Халқ сўзи”
“Тошкент минтақавий темир йўл узели” унитар корхонасига қарашли Чуқурсой станцияси ҳудудида “Ўзбекистон” локомотив депосининг “Чуқурсой” филиали фойдаланишга топширилди.
Мажмуанинг очилиш маросимида “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари в/б А.Комилжонов бошчилигида жамиятнинг бошқарма бошлиқлари, “Темирйўлинфратузилма”АЖ ҳамда “Тошкент МТУ” УК раҳбарияти ва бўлим бошлиқлари, шунингдек, меҳнат фахрийлари иштирок этди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти таркибида локомотивларга техник хизмат кўрсатадиган 20 га яқин корхона мавжуд. Бугун уларнинг сони яна биттага кўпайди.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, бу корхонанинг айнан ушбу ҳудудда бунёд қилиниши бежиз эмас. Чуқурсой станцияси жамият таркибидаги энг йирик саралаш станцияси ҳисобланади. Қозоғистондан юртимизга кириб келадиган ҳамда юртимиздан Қозоғистонга чиқиб кетадиган поездлар вагонлари айнан ушбу станцияда сараланиб жўнатилади. Шу боис, бу станцияда кўп локомотивлар, электровозлардан фойдаланилади. Қарийиб 0.70 гектар жойда бунёд қилинган техник хизмат кўрсатиш марказида бир суткада 15 га яқин локомотив ва электровозларни техник кўрикдан ўтказиш имконияти мавжуд дейди,- “Ўзбекистон” локомотив депосининг электровозларни таъмирлаш бўйича цех бошлиғи Жамшид Мирзарахмедов.
Бу ерда асосан, ТЭМ2, ВЛ60К,O‘zbekiston,O‘z-yo‘lovchi,O‘Z-EI ва O‘Z-EIR русумли локомотивларига техник хизматлар кўрсатилади. Корхонада иш икки сменада ташкил этилган бўлиб, яъни 50 нафар малакали ишчи хизматчи туну кун фаолият кўрсатиши режалаштирилган. Ундан ташқари ишчиларга қулай шарт шароитлар яратиш мақсадида, ўқув синфи, овқатланиш хоналари, фаоллар зали, навбатчилик ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш пунктлари ҳам фаолият кўрсатади.
Эндиликда ушбу станция ва унга яқин жойлашган барча станциялардаги, шунингдек, Қозоғистон Республикасидан келаётган юк поездларидан ажратилган локомотивларни қисқа вақт мобайнида мазкур марказда техник кўрикдан ўтказилади ва тезроқ локомотивларнинг техник ҳолати ҳақидаги маълумотларга эга бўлиш имконияти яратилади. Бу эса, ҳам электр энергияни, ҳам ёқилғи мойлаш маҳсулотларини иқтисод қилиш билан бирга, ортиқча вақт йўқотишни бартараф этади.
Локомотивларни қисқа вақтда таъмирлаб, кўпроқ вақт халқ хўжалиги юкларини ташишга замин яратилади. Мазкур мажмуанинг очилиш маросими давомида ушбу ҳудудда “Темирйўлинфратузилма боғи” ҳам барпо қилинди.

“Тошкент минтақавий темир йўл узели” унитар корхонаси томонидан 232 минг туп кўчатни 2023-2026 йиллар мобайнида 724 км масофага экиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунгача, 73 км масофага 78 минг туп манзарали, мевали дарахт кўчатлари, бута ва қаламчалар экилди дейди,- “Тошкент МТУ” УК ҳудудий ёшлар етакчилар Кенгаши раиси Сайдулла Эргашев.
Шундан Узел таркибидаги 50 та станция, 10 та корхона ва ташкилотда, Тошкент-Ангрен, Тошкент-Жиззах йўналишидаги темир йўл участкалари ён атрофидаги ҳудудларда сув таъминоти яратилган жами 3 та боғ, хусусан, Тошкент вилоятида жойлашган темир йўл кесишмаси яқинида "Ёшлар боғи", Сергели тумани ҳудудида "Меҳнат муҳофазаси боғи" ташкил этилди.
Ҳозирги кунда “Тошкент-Жиззах” йўналишидаги темир йўл участкасининг 3600 километрида “Темирйўл инфратузилма” боғини ташкил қилиш борасида ҳам ишлар олиб борилмоқда. Ушбу ҳудудга жами 5000 тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш режалаштирилган. Тадбир қатнашчилари жами 300 тупга яқин манзарали дарахт кўчатларини экдилар.








Фото: Aбдумуталиб Тойиров / “Халқ сўзи”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг