Ўзбекистон крикет федерацияси томонидан журналистлар учун матбуот анжумани бўлиб ўтди

19:17 12 Июль 2022 Жамият
1116 0

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Бугун 2022 йил, 12 июль куни соат 12:00да Миллий матбуот марказида Халқаро крикет кенгаши (ИCC)нинг Осиё мамлакатларида крикетни ривожлантириш бўлими бошлиғи, олий тоифали халқаро эксперт, жаноб Иқбол Сикандер ва ИCCнинг молиялаштириш ишлари менежери Нитеша Котарий иштирокида Ўзбекистонда крикет спортини ривожлантиришнинг истиқболлари мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Матбуот анжуманида Халқаро крикет федерацияси ва Ўзбекистон крикет федерацияси томонидан крикетни ривожлантиришга амалга оширилаётган ишлар бўйича савол-жавоблар бўлиб ўтди.

Матбуот анжуманида 2020 йили ЎКФ раиси Азиз Михлиев БААнинг Дубай шаҳрида Халқаро Крикет Кенгаши (ИCC) ва Осиё Крикет кенгаши (АCC) раҳбарияти билан учрашув ўтказганлиги ва унда Ўзбекистон крикет федерациясининг Халқаро ва Осиё крикет кенгаши аъзолигига қабул қилиниши масаласи муҳокама қилинганлиги эслатиб ўтилди. Ушбу учрашувда улар мамлакатимизда крикет спорт турининг тезроқ ривожланиш босқичига ўтишига хайрихоҳ эканликларини билдиришган эди. Ўзаро келишувга мувофиқ, Халқаро крикет кенгаши (ИCC)нинг Осиё мамлакатларида крикетни ривожлантириш бўлими бошлиғи, олий тоифали халқаро экспорт, жаноб Иқбол Сикандер ва ИCCнинг молиялаштириш ишлари менежери Нитеша Котарий Ўзбекистонга ташриф буюриб, ЎКФ фаолияти билан яқиндан танишишмоқда ва хулосаларини халқаро кенгаш раҳбариятига тақдим этишни режалаштиришган.

Жаноб Иқбол Сикандер сўзларига кўра «Осиё мамлакатлари бошқа давлатларга қараганда крикет спорти бўйича билим даражаси кенг ривожланганлигини кўришимиз мумкин. Булар мусобақаларнинг ташкил этилиши, ўйинчиларининг кўплиги, халқнинг крикетга бўлган қизиқиши каби категориялар бўйича Осиё мамлакатлари бошқа мамлакатлардан устун туради. Буларга Ҳиндистон Покистон Бангладеш мисол қилиб келтирамиз. Ўзбекистонга келадиган бўлсак ҳозирги кунда Ўзбекистон крикет федерацияси томонидан халқаро крикет федерациясига аъзо бўлиш учун топширилган барча ҳужжатлар ўрганилмоқда ва шу ўрганишларнинг охирги босқичи сифатида биз Ўзбекистонга ташриф буюриб турибмиз. Биз буларни ўрганиб чиқяпмиз ва хулосамизни топширамиз. Шу вақтгача кўрган ва эшитганларимиз бизга яхши ва қониқарли таассурот қолдирмоқда.Бундан ташқари биз вазирликлар билан учрашувлар амалга оширяпмиз. Крикет федерацияси томонидан ташкил қилинган машғулот майдончалари стадионларни кўрамиз булар аъзо бўлишликка жуда катта қўшимча бўлади,” деб ўз сўзини якунлади.

Қўшимча маълумот учун, Ўзбекистон крикет федерасияси 2019 йилда ташкил этилган бўлиб, ўша йилнинг 29 ноябрида федерация Адлия вазирлиги рўйхатидан ўтказилди . Ҳозиргача 6 та 13 ёшгача, 4 та 19 ёшгача , 4 та катталардан иборат ҳамда 1 та хотин - қизлар жамоалари ташкил этилган. Бундан ташқари , Ўзбекистонда истиқомат қилиб, турли соҳаларда меҳнат қилаётган чет эллик мутахассислардан иборат 2 та жамоа ҳам шаклланган. Республикамизнинг Тошкент шаҳри , Қашқадарё, Фарғона , Самарқанд, Тошкент, Сурхондарё Бухоро ва Хоразм сингари вилоятларида ҳам жамоалар мавжуд . Ўтган давр давомида йиғилган жамоалар ўртасида крикет бўйича мусобақалар режага кўра мунтазам ўтказилмоқда.

«Ишонч билан айтишимиз мумкинки, тез орада Ўзбекистон крикет федерасияси ҳам ИCCнинг тўлақонли аъзоси бўлиб, рўйхатдан ўтади. Дарҳақиқат, крикет бугун ёшлар қалбидан аста секин жой олмоқда. Умид қиламизки, мазкур спорт тури янада оммалашиб, юртимиздан жаҳон чемпионлари чиқади,” деб ЎКФ раиси Азиз Михлиев матбуот анжумани якунланди, журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

«Халқ сўзи»,
Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер