Ўзбекистон фуқаролари номаълум сабабларга кўра БАА ҳудудига киритилмаяпти
Ўзбекистоннинг БААдаги элчихонаси Ўзбекистон фуқаролари амирликлар ҳудудига киритилмаётгани юзасидан маълумот берди.
Жорий йил 30 ноябр куни Абу Даби шаҳридаги Шайх Зоид номидаги халқаро аэропортга Тошкент—Абу-Даби йўналиши бўйича Wizz Air авиақатнови орқали учиб келган 31 нафар Ўзбекистон фуқароси номаълум сабабларга кўра амирликлар ҳудудига киритилмаган.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Абу Дабидаги элчихонаси ва Дубайдаги Бош консулхонаси мазкур аэропорт маъмурияти ҳамда амирликларнинг мутасадди идоралари вакиллари билан мулоқотда бўлиб, вазиятни назоратга олган.
«Аэропорт маъмурияти билан ҳамкорликда ҳамюртларимизни уч маҳал овқат билан таъминлаш ҳамда уларга зарур ҳолларда тиббий ёрдам кўрсатиш чоралари ташкил этилди. Юзага келган вазиятни ҳал этиш бўйича барча чора-тадбирлар кўрилмоқда», дейилади хабарда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг