Ўзбекистон делегациясининг Хитойга ташриф якунланди
ТИВ маълумотига кўра, «Марказий Осиё – Хитой» вазирлар учрашуви давомида минтақамиз мамлакатлари билан Хитой ўртасида сиёсат ва дипломатия, ўзаро боғлиқлик, савдо, транспорт, яшил энергия, маданият ва санъат соҳаларида ҳамкорликни фаоллаштиришнинг янги имкониятлари юзасидан мазмунли фикр алмашилди. Жорий йилнинг май ойида «Марказий Осиё – Хитой» шаклида ўтказилиши режалаштирилган саммитнинг ташкилий ва мазмуний жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар Афғонистондаги вазият ва минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилдилар.
Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси раҳбари ХХР Давлат кенгаши аъзоси, ташқи ишлар вазири Цинь Ган билан музокаралар ўтказди. Олий даражада эришилган келишувларнинг ижроси, Ўзбекистон-Хитой ҳар томонлама стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари, халқаро ва минтақавий кун тартиби муҳокама қилинди.
Хитой Коммунистик партияси Шэньси провинсияси партия қўмитаси котиби Чжао Идэ билан учрашувда Ўзбекистон-Хитой минтақалараро ҳамкорлигининг истиқболли йўналишлари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари Сиан шаҳрига ташрифи давомида Хитойнинг «BYD» ва «LONGi» етакчи компаниялари раҳбарлари билан музокаралар ўтказди ва мамлакатимизда қўшма сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Бундан ташқари, Марказий Осиё давлатлари делегациялари Сиан шаҳридаги «China Railway Express» халқаро Хитой-Европа маркази фаолияти билан ҳам танишди ва Марказий Осиёга «BYD» автомобиллари ортилган махсус поезднинг жўнатиш маросими бўлиб ўтди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг