Ўзбекистон делегацияси Шанхай ҳамкорлик ташкилоти олий аудит органлари раҳбарларининг йиғилишида иштирок этди
Ўзбекистон Ҳисоб палатаси маълумотига кўра, тадбирда ШҲТга аъзо мамлакатлар олий аудит муассасалари, жумладан, мамлакатимиз Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Баҳодир Туробов бошчилигидаги делегация иштирок этди.
Ҳиндистон раислигида ташкил қилинган навбатдаги кўп томонлама учрашув янги технологияларнинг аудит жараёнига интеграциялашуви мавзусига бағишланди. Тадбир доирасида экспертлар иштирокида «сунъий ақл» ва «киберхавфсизлик» йўналишларида муҳокамалар ташкил этилди.
Баҳодир Туробов йиғилишда Ўзбекистоннинг аудит жараёнига янги технологияларни татбиқ этиш соҳасида тўплаган тажрибаси ҳақида маълумот тақдим этди. Мамлакатимиз Ҳисоб палатаси фаолияти, хусусан, палата зиммасига давлатимиз раҳбари томонидан ахборот технологияларини аудит жараёнларига кенг татбиқ этиш бўйича юклатилган вазифалар ижросига эътибор қаратилди. Барча назорат органлари томонидан ўтказиладиган давлат аудити тадбирларини мувофиқлаштирувчи «Давлат аудити» дастури ҳамда турли идораларнинг ахборот базаларидан маълумот олган ҳолда масофавий назоратни амалга оширувчи «Камерал назорат» дастури ҳақида сўз юритилди.
Ушбу инновацион ёндашувлар анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистон Ҳисоб палатаси делегацияси Хитой, Россия, Ҳиндистон ва Қозоғистон олий аудит органлари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди. Мулоқотлар чоғида ҳамкорлик истиқболлари, икки томонлама ва халқаро ташкилотлар доирасида тажриба алмашиш, соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш ва бошқа масалалар муҳокама қилиниб, ўзаро келишувларга эришилди.
Йиғилиш якунида ШҲТга аъзо мамлакатлар олий аудит органларининг 2023-2024 йиллардаги ҳамкорлиги доирасидаги Ҳаракатлар режаси тасдиқланди.
Маълумот учун, ШҲТга аъзо мамлакатларнинг олий аудит органлари раҳбарларининг мунтазам учрашувлари 2010 йилдан буён ташкил қилинади. Ушбу ҳамкорликнинг асосий мақсади давлат сектори аудити соҳасида ахборот алмашиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган. Ҳамкорликнинг асосий йўналишлари давлат аудити бўйича билим ва тажриба алмашиш, қўшма семинар ва ўқув курсларини ташкил қилиш, давлат аудити соҳасида янги профессионал стандартларни илгари суришдан иборат.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг