“Ўзбекенерготаъмир” АЖ Хитой компаниялари билан манфаатли келишувларга эришди
“Ўзбекенерготаъмир” АЖ Хитой электр энергетика саноатининг йирик компаниялари бўлган State Grid, CNTIC ва China XD билан ҳамкорликда мамлакатимизда электр энергетика тармоғини ривожлантириш бўйича бир қатор келишувларга эришди.
Жумладан, Хитойнинг жаҳонга машҳур State Grid корпорацияси таркибидаги “China Electric Power Equipment and Technology Co” компанияси билан “Ўзбекенерготаъмир” АЖ келишув доирасида юртимизнинг бир қатор ҳудудларида юқори кучланишли электр узатиш тармоқларини қуриш ва модернизация қилиш, янги подстанциялар қуриб фойдаланишга топшириш ишларини ҳамкорликда олиб бориш белгиланган. Олиб бориладиган ишлар натижасида, Ўзбекистондаги юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари тизимига замонавий, шу билан бирга рақамли технологияларни жорий этиш, янги иш ўринларини яратиш имконияти вужудга келади.
“China National Technical Import and Export Corporation” (CNTIC) компанияси билан эришилган келишувларга кўра эса, Тошкент шаҳри аҳолиси ва пойтахт иқтисодиёт тармоғи корхоналари учун қўшимча қувватлар яратилади. Пойтахтимизни электр ва иссиқлик энергиясига бўлган талабини қондириш мақсадида Миробод, Мирзо Улуғбек, Шайхонтоҳур, Юнусобод, Яшнобод ва Учтепа туманларида янги, замонавий ва энергосамарадор когенерацион қувватлар жорий этилади.
Шунингдек, China XD Elektric Co., Ltd. концернининг Xian XD Electric Engineering Company Limited компанияси “Ўзбекенерготаъмир” АЖ билан юртимиздаги электр станцияларни модернизация ва реконструкция қилиш учун импорт ўрнини босувчи юқори самарадор ва замонавий энерго қурилмаларни маҳаллий шароитларда ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришилди.
Музокараларнинг яна бир муҳим жиҳати “Ўзбекенерготаъмир” АЖнинг ёш мутахассислари ва ходимларининг малакасини ва касбий маҳоратини ошириш масаласи бўлиб, улар хитойлик мутахассисларни жалб қилган ҳолда қурилиш ва созлаш ишларида иштирок этадилар. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали ёшларимиз дунёда тан олинган электр қурилмаларни бошқариш ва улар билан ишлаш бўйича билим ва тажрибаларини оширишади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг