Ўзбек ва туркман халқларининг дўстлиги рамзи

30 апрель куни пойтахтимиздаги “Ашхобод сайилгоҳи” аҳоли учун хизмат кўрсата бошлади.
Мазкур сайилгоҳ ўзининг кўркам қиёфаси, теран мазмуни билан ўзбек ва туркман халқларининг дўстлик рамзига айланди. Бу ердаги ҳар бир объектда икки халқнинг миллий анъана ва қадриятлари, эзгу тутумлари тимсолини кўриш мумкин.



Боғга кираверишда туркман халқи учун ғурур рамзи — ахалтеки отлари ҳайкалларидан иборат яхлит композиция бунёд этилган. Йўлак бўйлаб юрар экансиз, бири-биридан ажиб фаввораларга кўзингиз тушади.

Дам олувчилар учун хуш салқинлик ҳосил қилган ҳар бир фаввора ўзига хос шакл ва мазмунга эга. Масалан, “Осмон ва замин” деб номланган фаввора бутун инсониятга хос бўлган азалий ҳикматлар ҳақида сўзлаётгандек.

Сайилгоҳнинг яна бир эътиборли томони Ашхобод халқаро аэропорти тимсолида барпо қилинган 450 ўринга мўлжалланган амфитеатрдир. У турли кўнгилочар томошалар, байрамлар, шоулар учун мўлжалланган бўлиб, замонавий техник ускуналар билан жиҳозланган.

Боғни кўкаламзорлаштириш борасидаги ишларга алоҳида тўхталиш жоиз: бу ерга экилган қарағай, қрим қарағайи, ҳинд сирени, эман, каштан, магнолия, аризона кипариси, салвия, мовий арчалар атрофга тароват бахш этиб турибди. Яшнаб турган майсалар, чирой очган турфаранг гуллар кишига баҳорий кайфият улашади.

Очиқ типдаги ўйин аттракционлари, нуронийлар маскани, бежирим ўриндиқлар, телефонларни қувватлантириш ва бепул Wi-Fi зонаси, умумий овқатланиш ҳамда хизмат кўрсатиш шахобчалари аҳолининг мазмунли дам олиши учун қулай шароит яратган.

— Ўзбекистонда барча миллат ва элатлар қатори биз, туркманларнинг яшаши, ишлаши, дам олиши, ҳаётда ўз ўрнини топиши учун қандай шароитлар зарур бўлса, ҳаммаси муҳайё қилинган, — дейди Бибисора Авезтурдиева. — Пойтахтимизда “Ашхобод сайилгоҳи”нинг очилиши эса кўнглимизни янада кўтариб юборди. Бу сайилгоҳ тарихи туташ, тутими ўхшаш икки ҳалқни янада жипслаштиради, улар ўртасидаги бирдамликни, меҳр-оқибатни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Дилшод КАРИМОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг