Ўзаро таълим, манфаатли ҳамкорлик
Қудратилла Нажмиддинов/«Халқ сўзи». Наманган муҳандислик – технология институтига Япониянинг «АОКИ», «Tokai Metal Industry» компаниялари ва Япония архитектура ва санъат академияси делегацияси келди. Учрашувда меҳмонлар ОТМ фаолияти билан яқиндан танишди. Сўнгра икки томонлама алоқаларни йўлга қўйиш бўйича расмий музокаралар бўлиб ўтди. Асосий эътибор НамМТИ битирувчиларини Япониянинг «АОКИ» ва «Tokai Metal Industry» компанияларига ишга жойлаштириш, уларнинг кунчиқар мамлакатда амалиётларини ташкил қилиш масалаларига қаратилди. Ўзаро келишувларга кўра, битирувчилар келгусида Япониянинг мазкур компанияларида меҳнат қилади.
— Наманган муҳандислик-технология институти билан ҳамкорлик қилиш истиқболли, — дейди «АОКИ» компанияси раҳбари Шого Норитсуису. — Бу наманганлик ёшларнинг замонавий технологиялар ва ишлаб чиқариш жараёнларини чуқурроқ ўрганиб, мутахассислик маҳоратини мустаҳкамлашларига имконият яратади.
Мулоқот чоғида Япония архитектура ва санъат академияси билан ҳамкорлик доирасида кадрлар тайёрлаш, уларни дунё стандартлари асосида ўқитиш ва махсус сертификатларга эга бўлишлари учун кўмак бериш масалалари муҳокама қилинди. Икки томонлама ҳамкорлик алоқалари янги ўқув йили бошланиши билан кучга киради.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг