Ўз уйингда дастурхон ёзиб, меҳмон кутишнинг гашти ўзгача — Абдулазиз Расулов

17:39 17 Январь 2024 Жамият
566 0

Мамлакатимизда оналик ва болаликни қўллаб-қувватлаш, болаларнинг маънавий ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Чунончи, мамлакатимиз Президентининг 2019 йил 22 апрелдаги “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида етим болаларга олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонига қўшимча равишда бир фоизгача давлат гранти асосидаги қабул квоталари ажратилиши белгиланиб, шу имтиёздан фойдаланган Абдулазиз Расулов Тошкент Давлат молия институтига талабаликка қабул қилинган эди.

Абдулазиз асли Хатирчи туманининг Зарафшон маҳалласида туғилган. Болалигида ота-онасидан айрилиб, холаси Мавжуда Пўлатова қўлида вояга етди. Ўз уй-жойи бўлишини орзу қилган бу талаба йигитга давлатимиз томонидан яна бир ғамхўрлик кўрсатилиб, яқинда унга туманнинг Навбаҳор маҳалласидаги янги кўп қаватли уй хонадонларидан бири топширилди.

— Ўтган йили давлатимизнинг ғамхўрлиги билан нуфузли олий ўқув юрти талабаси бўлган эдим, — дейди Абдулазиз Расулов. — Жорий йилнинг бошидаёқ яна бир кучли ижтимоий ҳимоя туфайли ўз бошпанамга эга бўлмоқдаман.

Ўз уйингда, ўз дастурхонингни ёзиб меҳмон кутишнинг гашти бўлакча барибир. Менга шу бахтни туҳфа этган Ватанга садоқатим ва фидойи меҳнатим билан жавоб бераман.

Шу куни ота-онасидан эрта ажраб, Тошкент шаҳридаги 22-меҳрибонлик уйида таълим-тарбия олган Жаҳонгир Очиловга ҳам Президентимизнинг 2021 йил 9 августдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан янги хонадоннинг калити топширилди. Туман ҳокимлиги томонидан ҳар икки хонадон ҳам рўзғор учун анжомлар билан тўлиқ жиҳозлаб берилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тантанада болаларнинг жисмонан бақувват, интеллектуал салоҳиятли ва маънавий баркамол бўлиб вояга етишини таъминлашда амалга оширилаётган бу каби эзгу ишлар юртимизда инсон қадри улуғлигининг амалий ифодаси экани алоҳида эътироф этилди.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер