Ўтган йилда «Ўзагросуғурта» АЖ томонидан 4 400 та даъво аризаси бўйича 43.3 млрд сўмдан ортиқ суғурта товони тўлаб берилди
Фото: «Халқ сўзи»
Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда акционерлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Қобилов маълум қилди.
Ўзбекистонда суғурта бозорининг етакчиларидан бири «Ўзагросуғурта» АЖ истеъмолчилар талаб ва таклифларидан келиб чиқиб суғурта хизматларини таклиф этишга, ҳар бир мурожаат мазмун-моҳиятини жиддий таҳлил қилиш орқали Жамият тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат кўрсатишнинг бош мезони сифатида чуқур эътибор қаратмоқда.
«Ўзагросуғурта» АЖ томонидан 2022 йил давомида суғуртанинг ижтимоий аҳамиятидан келиб чиқиб, аҳолига қулайлик яратиш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини замон талабларига мослаштириш мақсадида тизимда ахборот коммуникация технологиялари кенг жорий этилди. Хусусан, мижозлар учун 20 та суғурта турлари бўйича «Е-полис» сотиб олиш имконияти яратилди. Бу онлайн полис савдоси бўйича бозордаги энг яхши кўрсаткич демакдир.
Энди бевосита мурожаатларга тўхталадиган бўлсак, 2022 йил ўтган даврида фуқароларимиздан жами 4169 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг қарийб 90 фоизи мазмунан суғурта қопламасини тўлаб бериш билан боғлиқ.
Ҳисобот даврида «Ўзагросуғурта» АЖга келиб тушган мурожаатлардан 3321 таси қаноатлантирилди, 787 таси юзасидан тегишли тушунтиришлар берилган. Шундан 15 та мурожаат тегишлиги бўйича бошқа ташкилотларга йўналтирилган бўлса, яна 46 та мурожаат қонун доирасида эмаслиги сабабли кўриб чиқиш рад этилган.
Қайд этиш лозимки, ўтган йилда компаниямиз томонидан мижозларга жами 4 400 та даъво аризаси бўйича 43.3 млрд сўмдан ортиқ суғурта товонлари тўлаб берилди. Шунингдек, суғурта ҳодисаси тасдиқланмаганлиги туфайли 97 та мурожаат рад этилган.
«Ўзагросуғурта» АЖ томонидан 2022 йил ўтган даври мобайнида суғурталанувчиларга тўлаб берилган тўловлар асосан қуйидаги суғурта турлари кесимида амалга оширилди:
1. Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталашда 982 та мурожаат юзасидан 8 миллиард 280 миллион сўм;
2. Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш суғурта тури бўйича жами 86 та ҳолатда 8 миллиард 754 миллион сўм;
3. Қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилини ихтиёрий суғурталаш бўйича 42 та мурожаат юзасидан 2 млрд 854 миллион сўм;
4. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун ажратилган кредитлар қайтарилмаслиги суғуртаси бўйича 386 та мурожаат юзасидан 4 млрд 562 миллион сўм;
5. Экспорт шартномаларини тижорат ва сиёсий рисклардан комплекс суғурталаш суғурта тури бўйича 9 млрд 215 миллион сўм;
6. Шунингдек, 2 903 та ҳолатда яна 9 млрд 626 млн сўмлик суғурта қопламалари бошқа суғурта турлари бўйича мижозларга тўлаб берилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг