Ота бўлиш осон, оталик қилиш қийин
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Навоий вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан алимент масаласи чуқур ўрганилиб, муаммо ижобий ҳал этилмоқда. Яқинда шу масала юзасидан Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг сайёр очиқ суд мажлиси ўтказилди.
Унда узоқ вақтдан буён алимент тўлашдан бўйин товлаб келаётган 13 нафар отанинг маъмурий жавобгарлиги масаласи кўриб чиқилди.
— Биттагина фарзандимиз бор, — дейди суд мажлисида жабрланувчи сифатида иштирок этган аёллардан бири. – Унинг отаси тўрт ойдан буён алимент тўламай келаётган эди. Бугунги суд мажлиси арафасида қарзни тўлаб, суд мажлисида биз ярашдик. Фарзандни отасиз ўстириш нақадар қийин эканини ўтган даврда чуқур ҳис қилдим. Оиланинг тўкис бўлишига не етсин.
Таъкидлаш жоиз, бюронинг вилоят бошқармасига йил бошидан буён алимент масаласида фуқаролардан келиб тушган мурожаатларнинг 97 фоизи ижрочиларнинг саъй-ҳаракати билан ижобий ҳал этилган.
— Бироқ жорий йил бошидан буён икки ой ва ундан ортиқ давр мобайнида қасддан алимент тўламай келаётган 50 нафар фуқарога нисбатан маъмурий ишлар қўзғатилиб, уларнинг 42 нафарига нисбатан судлар томонидан 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланди, — дейди бошқарма ижрочиси Бахтжон Шопўлатов. – Саккиз нафар фуқаро, яъни саккиз оилани мана шу суд жараёнларида яраштиришга эришдик.
Бевосита Навоий шаҳридаги очиқ сайёр судга қайтадиган бўлсак, унинг қарори билан 6 нафар алимент тўловчига нисбатан 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланиб, 5 оила яраштирилди. Шунингдек, айни вақтда ишсиз бўлган икки нафар алимент тўловчининг бандлигини таъминлаш бўйича мутасадди идораларга топшириқлар берилди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоиз, Алимент масаласидаги суд жараёнлари қарз суммасининг кўп-озлиги ёки отанинг маъмурий ёхуд жиноий жавобгарликка тортилганида эмас, балки унинг фарзандларини моддий жиҳатдан таъминлашга мажбурлигини нечоғлик англаб етганлигидадир. Шу сабаб хаёлимиздан тўлашдан бўйин товлаган оталар жазодан қочиб ярашиш йўлини танлаган бўлмасин, ишқилиб, деган фикр кечади. Халқимиз эса ота бўлиш осон, оталик қилиш қийин, деб бежиз айтмаган.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг