Осойишталик меваси
— Беш йиллик ҳарбий хизматимнинг уч йили жангларда кечди, — дейди Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Раҳим бобо Эргашев. — Шу давр ичида уйдан учта хат олдим. Бугун умримда яна шундай қутлуғ мактублардан бири қўлимга тегди. Президентимизнинг мактуби кучимга куч, кўзларимга нур бағишлади.
Раҳим бобо мамлакатимиз раҳбарининг отахонга йўллаган табрик мактубини қўлига олади. Уни ва 5 миллион сўм миқдоридаги бир марталик пул мукофотини ҳозиргина вилоят ҳокими тантанали равишда топшириб, қўлига олтин соатни тақиб қўйди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 16 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони асосида тақдим этилган Ялта ва Кисловодск шаҳарларидаги “Ўзбекистон” ҳамда республикамиз ҳудудидаги санаторийлардан бирида бир нафар кузатувчи ҳамроҳлигида бепул дам олиш имконияти бўйича отахоннинг қарори билан қизиқдилар.
— Ўзимиздаги санаторийга бормоқчиман, — дейди Раҳим бобо. — Карманада комбинатимизнинг ажойиб сиҳатгоҳи бор. Қурилишида ўзим қатнашганман. Насиб этса, кунлар яна бир оз исисин, ният қилиб турибмиз.
Отахон асли Кармананинг Арғун маҳалласидан. Бугун Навоий шаҳрида Навоий давлат кончилик институтининг янгидан қурилган биноси ортида кун сайин кенгайиб бораётган мавзеда истиқомат қилади.
— 1942 йил Карманадан эллик йигит жўнадик, — дея эслайди отахон. Қосим Шайхдан то вокзалгача, мана шу ерлар ҳам янтоқзор, очиқ яланглик эди. Тош йўлдан станциягача пиёда келганмиз. Шу кетган эллик йигитдан 24 нафаримиз қайтдик. Сафдошларимнинг асосий қисми Курск остонасидаги жангларда ҳалок бўлди. Ҳозир икки киши қолганмиз. Минг шукр, мана шу кунларга етдик.
Хизматдан қайтгач, Раҳим Эргашев қурувчи бўлиб ишлади. Навоий шаҳридаги кўплаб бино ва иншоотларнинг қурилишларида иштирок этди. Икки ўғил ва икки қизни вояга етказиб, уйли-жойли қилди. Табиийки, буларнинг барчаси — тинчлик ва осойишталикнинг меваси. Уни таъминлашда бевосита қатнашгани, фидойилик кўрсатгани, ҳисса қўшгани ва муҳими, бугун бу жасорати муносиб эъзозланаётганидан бениҳоя мамнун.
Темур ЭШБОЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг