Оролбўйида балиқчилик шуҳрати қайта тикланади
Фото: “Халқ сўзи”
Маълумки, бир пайтлар Орол денгизи ва Қорақалпоғистондаги табиий кўлларнинг балиқлари нафақат мамлакатимиз, балки, дунёнинг ўнлаб давлатларига экспорт қилинган. Минтақада сув танқислиги юзага келгач, ҳудуддаги табиий кўлларда балиқ етиштириш имкониятлари бой берилди. Эндиликда ҳудудда балиқ етиштиришда интенсив усуллардан фойдаланиш давр талабига айланиб бормоқда.

Бу борадаги ислоҳотлар самарасини тарғиб этиш мақсадида ташкил этилган медиа-турда Оролбўйида қишлоқ хўжалиги ва бошқа барча тармоқларда сув тежовчи технологияларни жорий қилишнинг аҳамияти ҳақида маълумотлар берилди ва журналистлар қўлга киритилаётган ютуқлар билан жойига бориб танишдилар.
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Хўжайли тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида “Сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бугунги даврнинг муҳим талаби” мавзусида ташкил қилинган медиа-тур иштирокчилари Хўжайли туманининг “Саманкол” ОФЙ ҳудудидаги “Сауда Орайы» МЧЖда балиқчиликни ривожлантириш лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишларни кўзда кечиришди.
— Аҳолининг балиқ маҳсулотига бўлган талаби ошганини ҳисобга олиб, бу тансиқ маҳсулотни кўпайтириш лойиҳасини амалга оширишга киришганмиз, — дейди “Сауда Орайы» МЧЖ раҳбари Зарипбай Бекимбетов. – Халқимиз азалдан балиқчилик билан шуғулланган ва Қорақалпоғистон Республикаси балиқдан тайёрланадиган таомлари билан Марказий Осиёда машҳур, десам муболаға бўлмайди.
Аҳолининг истеъмоли учун зарур бўлган балиқ маҳсулотларига талаб ортиб бораётгани инобатга олиниб, ушбу ҳудуддаги фойдаланилмаётган 5 гектар майдонда сунъий кўл барпо этиб маҳаллий бозор учун маҳсулот етиштиришни йўлга қўйдик. Лойиҳанинг умумий қиймати 4,4 млрд. сўмни ташкил этиб, уни ишга туширишда 3,4 млрд. сўм банк кредитидан фойдаланилди.
Айни вақтда балиқнинг “сазан”, “оқ амур”, “дўнгпешона” каби турлари парваришланмоқда. Эътиборлиси, замонавий технологиялар билан жиҳозланган сунъий кўлда кам сув билан кўпроқ балиқ етиштиришга эришиляпти.

Шунингдек, ОАВ вакиллари Хўжайли туманидаги “Midasiatex Cluster” МЧЖ пахта-тўқимачилик кластери далаларида жорий қилинган сув тежовчи технологиялар самарадорлигини ўрганишди.
Кластер раҳбари Канияз Аташев тадбир иштирокчиларига сув тежовчи технологияларни ўтган йилдан бошлаб жорий қилишни бошлагани ва самарадорлик ошгач, бу йил тежамкор технологияларнинг яна бир неча усулларини тажриба қилиб кўраётгани ҳақида маълумот берди. Хусусан, пахтачиликнинг илғор технологияларидан бири кўчатни плёнка остида етиштириб, чигит экилган пайтда бир йўла плёнка ва томчилатиб суғоришнинг шлангларини тўшаш орқали пахта ҳосилини етиштиришдаги тежаладиган ресурслар ҳақида гапириб берди.

— Пахта етиштиришда яна бир тажриба – пахта даласига майдаланган ўсимлик қолдиқларини биогумис билан аралаштирилган ҳолатда ғўза қатор ораларига тўшаш намликни узоқ вақт сақлаш, сувга бўлган талабни камайтириш имконини бермоқда, — дейди у. – Бу технология орқали анъанавий усулга нисбатан сезиларли даражада кам сув сарфланиши аниқланди.
Медиа-тур тадбири давомида Сув хўжалиги вазирлиги томонидан сув тежовчи технологияларни жорий қилишга қаратилган тавсиялар бўйича материал ва буклетлар тарқатилди. Шунингдек, ёмғирлатиб суғориш, экин майдонларини лазерли ускуналар ёрдамида текислаб сув тежовчи технологиялардан самарали фойдаланаётган бир гуруҳ фермерлар ўзларининг тажрибалари ҳамда эришилган натижалари ҳақида оммавий ахборот воситаларига вакилларига батафсил сўзлаб беришди.
Ғайрат ОТАЖОНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг