Оролбўйи ҳудудида ёққан қор шўрми?

13:02 07 Февраль 2022 Жамият
489 0

Фото: Халқ сўзи

Оролбўйи ҳудудида жорий қиш кунлари ўтган йилларга нисбатан кўпроқ қор ёғмоқда. Айрим ҳудудларда декабрь ойидан бери устма-уст қор ёғиб, музликлар пайдо бўлган.

Қор — сув манбаи. Минтақада сув танқис бўлиб турган ҳозирги пайтда ушбу табиат неъмати далаларга, яъни ғалла майдонларига қанчалик ижобий таъсир кўрсатади? Беруний туманидаги қишлоқ ва сув хўжалиги масъуллари бу борада кичик тажриба ўтказиб кўришди.

— Деҳқонларимиз орасида қор ҳаводаги чанг-тузлар ҳисобига шўр бўлиши ва ғалла ниҳолларига зиён етказиши мумкин, деган фикрлар тарқалди, — дейди Беруний тумани ирригация бўлими раҳбари Жасур Ешанов. — Биз туман ҳокимлиги масъуллари билан биргаликда ғалла майсалари устини қоплаган қорни махсус ускуна ёрдамида синовдан ўтказдик. Ускунада 0,04 дан 0,08 гача бўлган кўрсаткичлар акс этди. Кейин эриб улгурган қор сувини ҳам текшириб кўрдик. Хуллас, қор таркиби шўр эмас, деҳқонларимиз хавотирланмаса ҳам бўлади. Аксинча, кетма-кет ёққан қалин қор ғалла майдонлари учун жуда фойдали бўлиб, камида бир маротаба суғорилгандек ижобий таъсир кўрсатмоқда. Қор остидаги буғдой майсалари баравж ўсаётганини кўриб қувондик.

Маълум бўлишича, Оролбўйида юқорида келтирилган кондуктометр ускунасидан сувчилар вегетация даврида ҳам фойдаланиб келмоқдалар. Сир эмас, кейинги йилларда экинларни сақлаб қолиш ва суғориш учун барча чоралар кўрилмоқда. Айрим ҳудудларда сув тақчиллиги боис зовур сувларини қўшимча канал сувига қўшган ҳолда фойдаланилмоқда. Бунда зовур сувининг шўрланиш даражаси махсус ускуна ёрдамида тезкор аниқланиб, мутахассислар тавсия этган меъёрларга амал қилинмоқда.

Дарвоқе, махсус батареяли ускуна — кондуктометр ёрдамида тупроқнинг шўрланиш даражаси ҳам аниқланади. Бу асосан шўр ювиш тадбирлари олдидан сувчилар ва деҳқонларга асқатади.

Ғ.Отажонов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер