Ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳимоясида янги босқич
Кейинги йилларда таълим соҳасида жуда катта ривожланишлар бўлди. Ўқитувчиларнинг қадр-қиммати, ойлик маоши ошиб, мактабларнинг моддий-техника базаси яхшиланди.
Хусусан, бизнинг мактабимизда ҳам яқинда «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси сабаб моддий-техника база тўлиқ янгиланди. Таълим бериш, дарс ўтиш, умуман, пухта билим беришга оид шарт-шароитлар янада яхшиланди.
Ўқитувчиларнинг салоҳияти, ўқувчиларнинг эса ўзлаштириш даражаси ҳам ўсди. Буларнинг барчаси давлатимиз раҳбари раҳнамолигида таълимга берилаётган эътибор ҳамда бу борада яратилаётган имкониятлар сабаб бўлмоқда.
Айни пайтда мамлакатимизда йирик сиёсий жараён — референдумга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, конституциявий ислоҳотлар мамлакатимизни ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкамлаш, “инсон қадри учун” деган эзгу ғояни амалда қарор топтиришга қаратилгани билан ғоятда муҳимдир.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Янгиланаётган Конституциямизда ўқитувчиларнинг шаъни, қадр-қимматини ҳимоялаш давлат томонидан белгиланаётир. Бу биз таълим тизими вакилларини беҳад қувонтирди.
Жумладан, янги таҳрирдаги Бош қомусимизнинг 50, 51 ва 52-моддалари ушбу соҳага бағишланган. Уларда таълим олиш ҳуқуқи кафолатланиши билан бир қаторда, давлат ҳамда нодавлат таълим ташкилотлари ривожланиши бир хилда қўллаб-қувватланиши мустаҳкамланмоқда. Қолаверса, инклюзив таълим-тарбия атамасининг конституцияда акс этиши эътиборга молик.
Хусусан, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 52-моддасида "Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади.
Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади" деб бегиланяпти.
Ушбу нормаларнинг Конституция даражасида мустаҳкамланиши замонавий ўзбек педагогикасида мутлақо янги даврни бошлаб бериши, шубҳасиз.
Шу маънода, жорий йилнинг 30 апрел куни бўлиб ўтадиган референдумда мактабимиз жамоаси билан бирга фаол иштирок этамиз. Зеро, ҳеч ким ўз Ватани тақдирига бефарқ бўлмаслиги лозим.
Интизор ҚУРБОНОВА,
Сергели туманидаги 269-умумтаълим мактаби директори.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг