Ўқитувчилар қурултойида йил якунлари сарҳисоб қилинди
Фото: "Халқ сўзи"
Хоразм вилоятда таълим соҳасидаги ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш, соҳадаги мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш ва уларнинг ечими бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида “Устоз — таълим бунёдкори” шиори остида ўқитувчилар қурултойи ўтказилди.
Унда вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова сўзга чиқиб, таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, илғор ва фидойи педагог кадрларни муносиб рағбатлантириш, шунингдек, таълим-тарбия соҳасида жорий йилда амалга оширилган ишлар ҳамда келгуси режалар ҳақида тўхталиб ўтишди.
— Жорий йилда вилоятда тегишли дастурлар асосида 12 та умумтаълим мактабида реконструкция ишлари амалга оширилиб, янгидан 3 минг 344 нафар ўқувчи ўрни яратилди, “Ташаббусли бюджет” лойиҳалари ҳисобидан 93 та мактабга 90 млдр. сўм маблағ ажратилиб, қуёш панеллари ўрнатиш, иситиш тизимларини таъмирлаш, мебель жиҳозлари ва техник воситалар билан таъминлаш, сунъий спорт майдончалари қуриш ишлари амалга оширилди, — дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ҳамро Бектемиров. — 39 та мактаб иккита хорижий тил ва битта касбга ўргатиш тизимини жорий этиш бўйича мебель жиҳозлари ва касбга ўргатиш асбоб анжомлари билан тўлиқ таъминланди. 198 та мактабнинг компьютер синфлари замонавий ахборот коммуникация технологиялари билан жиҳозланди.
Қурултойда таъкидландики, таълим муассасаларининг шарт-шароитларини яхшилаш борасидаги ишларни келгуси йилда ҳам изчил давом эттирилади. Жумладан, 2024 йилда вилоятда 3 та янги мактаб қуриш, 23 та мактабни реконструкция қилиш ҳисобига 6800 нафар ўқувчи ўрни яратилади. Ушбу мақсадлар учун 225 млрд. сўм маблағ сарфланиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, 2024 йилда 338 та мактабга сувни тозаловчи қурилмаларни ўрнатиш, 100 та мактабдаги маънан эскирган компьютерларни алмаштириш кўзда тутилган.
Тадбир якунида мактаб таълимида астойдил хизмат қилиб келаётган бир гуруҳ ўқитувчиларга “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонлари ва байрам совғалари топширилди.
Одилбек ОДАМБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг