Ўпка тўқимасининг зарарланиши 30-40 фоиз ҳолатларда кузатилмоқда — мутахассис
Ўзбекистонда “омикрон”нинг ВА.5 варианти доминант версияга айланди. Намуналар Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказида секвенлаш жараёнидан ўтказилди.
COVID-19нинг юқумлилик даражаси юқори бўлган янги мутациялари беморлар сони кўпайишига сабаб бўляпти. Ўзбекистонда ҳозирги кунда “омикрон”нинг қайси субварианти доминант версияга айланган?
Буни аниқлаш мақсадида жорий йил 10-12 ноябрь кунлари Республика махсус 1-сон Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига госпитализация қилинган 27 нафар бемордан тиббий намуналар олинди.
Таҳлиллар Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказида секвенлаш жараёнидан ўтказилди. Натижада 27 нафар бемор “омикрон” штаммининг BA.5 субварианти билан зарарлангани маълум бўлди.
BA.5 субвариантининг яширин даври бошқа штаммлар сингари 5-6 кун эмас, 2-3 кунни ташкил этяпти.
Унинг асосий белгилари:
— томоқ оғриғи,
— тана ҳароратининг гектик (41 даражагача) кўтарилиши,
— бош ва мушакларда кучли оғриқ,
— ҳолсизлик,
— уйқучанлик,
— конъюктивит (10 фоиз ҳолатда),
— ринт ва тонзилит (40 фоиз ҳолатда),
— отит (10 фоиз ҳолатда),
—диарея (10 фоиз ҳолатда) юзага келиши кузатилмоқда.
Шунингдек:
— кучли ва хуружли йўтал,
— баъзи ҳолларда кўкрак қафасида оғриқ,
— нафас қисиши ва ҳаво етишмаслик белгилари юзага келмоқда.
— Ўпка тўқимасининг зарарланиши 30-40 фоиз ҳолатларда кузатилмоқда, — дейди Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Анвар Ҳусанов. — Бундай беморларнинг аксарияти уй шароитида ёки баъзи хусусий клиникаларда антибиотик, гормон препаратлари ҳамда томчи дориларни томир ичига мақсадсиз ва палапартиш қабул қилган юртдошларимиздир.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг