Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин...

16:32 02 Февраль 2024 Жамият
381 0

Наргиза Қаҳҳорова Косон туманида яшайди. Бундан анча йил аввал турмуш ўртоғи вафот этгач, ҳаёт йўлини бошқа бир инсон билан боғлаганди. Улар дастлаб яхши яшашди. Аёл турмуш ўртоғининг фарзандларини бағрига олди. Ўзи ҳам икки нафар фарзандли бўлди. Бахтли эди...

Аммо кутилмаганда турмуш ўртоғининг вафот этиши ҳаммасини ўзгартириб юборди. Оила аъзолари орасида уй-жой, мол-мулк низоси бошланди. Катта фарзандлар ўгай она билан келиша олмай, уни уйдан чиқариб юборишди. Натижада икки норасида фарзанди билан уйсиз қолган аёл гоҳ у, гоҳ бу қариндошининг уйида яшаб, кун кечира бошлади.

Ана шундай оғир кунларнинг бирида маҳалла вакили келиб, унга янги уй берилгани, ўзи билан бирга бориши кераклигини айтди. Нима бўлаётганини англаб-англамаган аёл икки фарзандини олиб, ўша кишининг ортидан эргашди.

— Бизни туманнинг Юқори Оброн маҳалласидаги янги уй-жойлар барпо этилган массивга олиб келишди, — дейди Наргиза Қаҳҳарова. — Шу ердаги янги қурилган катта ҳовлига таклиф этиб, энди шу уй сизники, фарзандларингиз билан кириб яшайверинг, дейишди. Кейин шу ердаги одамлар келиб табриклаша бошлашди, мен эса ҳеч нарсани англай олмас, гўёки тушь кўраётгандек эдим.

Қаҳрамонимиз янги мавзедаги 14 та уй-жойнинг ҳаммаси битта шахсини сир тутган тадбиркор томонидан барпо этилиб, ўзи каби муҳтож оилаларга хайрия қилинганини кейинроқ билди.

— Дастлаб биз маҳалла фаоллари ҳам бу уй-жойларни ким, нега қураётганини билмагандик, — дейди Юқори Оброн маҳалласи хотин-қизлар фаоли Клара Рўзиева. — Уларни номаълум тадбиркор уй-жойга муҳтож оилаларга ҳадя қилганини эшитиб, рости ҳайратландик. Одамларнинг хомаки ҳисоб-китобига кўра, тадбиркор ушбу ўн тўртта уй-жойни барпо этиш учун камида 20 миллиард сўм маблағ сарфлаган. Кенг ва ёруғ хоналар шунчалик дид билан қурилиб, безатилганки, ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради. Уйлар ўз соҳибларига топширилишидан олдин ҳаммаси тўлиқ жиҳозланиб, барча мебеллар, маиший техника воситалари, ҳатто кўрпа-кўрпача, сочиқлар, идиш-товоқларгача киритиб қўйилган экан. Ҳар бир хонадоннинг ошхонасида бир ҳафталик озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам ғамлаб қўйилганди.

Клара Рўзиеванинг қўшимча қилишича, тадбиркор 14 та уй-жойни қуриб битиргач, унинг соҳибларини ўзи туманнинг турли ҳудудларидан суриштириб, энг қийналган, ҳақиқатан уйга муҳтож оилалар ичидан танлаган. У ҳозир ҳам ушбу оилаларга ёрдамни давом эттирмоқда. Масалан, ҳар куни эрталаб битта машина келиб, уларнинг фарзандларини боғчага олиб кетади ва кечга келтириб қўяди. Боғча пули доим олдиндан тўлаб қўйилган бўлади. Яна битта “сув машина” эса дамба-дам ҳовузларига сув тўлдириб кетади, бироқ пул олмайди. Кўпчилик аниқ билмасада, лекин бу саховатпешалик ҳам ўша тадбиркорнинг иши эканига ишонишади.

Биз янги хонадон соҳибига айланган оилалар аъзолари билан суҳбатлашар эканмиз, уларнинг юз-кўзларидаги қувонч, ҳаётдан мамнунлик ҳиссини кўриб, шундай мурувватли юртдошларимиз борлигидан қалбимиз ғурурга тўлди. Ортга қайтар чоғимизда эса бизга ҳамроҳлик қилган туман ҳокимлиги масъуллари “Бундай тадбиркорлар билан биз фахрланамиз”, деди қўлини кўксига қўйиб.

Уларнинг айтишича, яна бир тадбиркор туман марказидан 5 қаватли, 20 хонадонга мўлжалланган уй қуриб, тўлиқ жиҳозлаб, барча хонадонларни уй-жойи бўлмаган, муҳтож оилаларга ҳадя қилаётган экан. Айни пайтга қадар у тумандаги уй-жойга жуда муҳтож оилаларни ўрганиб, ўзи танлаган 15 та оилага 15 та хонадонни совға қилибди. Қолган 5 та хонадон ҳам тез орада ўз эгаларини топар экан.

Ҳа, икки тадбиркорнинг саховати сабаб йиллар давомида уй-жойсиз, қийналиб яшаб келган 29 оила бугун янги, кенг ва шинам хонадонлар соҳибига айланди. Уларнинг юз-кўзларидаги қувонч, қалбларидаги шукроналик ҳиссини эса таърифлашга тил ожиз.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер