«Омикрон» бўйича илк тадқиқот: Унинг вакциналарга чидамлилигига баҳо берилди

16:18 09 Декабрь 2021 Дунё
1144 0

Иллюстратив фото

Коронавируснинг янги — «Омикрон» штамми ушбу инфекцияга  қарши мавжуд вакциналар томонидан тақдим этилаётган ҳимояни қисман четлаб ўтиши мумкин. Бироқ умуман олганда, у бошқа мутациялардан кўра хавфли эмас. Худди шундай хулосага Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) олимлари томонидан ўтказилган биринчи лаборатория тадқиқотларидан сўнг келинди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг таъкидлашича, ҳозирча «Омикрон» «Дельта» вариантидан кўра антитаналар томонидан тақдим этилган ҳимояни муваффақиятли енгиб ўтишга қодирлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Мавжуд вакциналар ҳали ҳам касалликни оғир шаклларидан ҳимоя қилиши керак.

ЖАРлик тадқиқотчилар Pfizer/BioNTech вакцинасининг икки дозаси билан эмланган 12 иштирокчидан 14 та плазма намуналарини олдилар ва плазманинг «Омикрон»ни зарарсизлантириш қобилиятини синаб кўрдилар.

Маълум бўлишича, «Омикрон» антитаналарни «Дельта»нинг олдинги энг кенг тарқалган версиясига қараганда анча муваффақиятли четлаб ўта олган. Умуман олганда, Pfizer/BioNTech вакцинаси «Омикрон»га қарши 2019 йилда Хитойда аниқланган асл коронавирус штаммига нисбатан 40 баравар кам нейтраллаштирувчи антитана ишлаб чиқарди.

Бироқ, антитаналарнинг сони сезиларли даражада камайганига қарамай, «Омикрон» ҳали ҳам вакцинани ҳимоя қилишни тўлиқ четлаб ўта олмади. Коронавирусга чалинган ва тўлиқ эмланган одамларда антитаналарнинг нисбатан юқори даражаси сақланиб қолган.

Дастлабки хулосалар

Ушбу тадқиқот ҳали илмий рецензиядан ўтмаган бўлсада, айрим хулосаларни бериши мумкин.

Олимлар антитаналарнинг янги вариантни зарарсизлантириш қобилиятида айрим сусайишни пайқашди, аммо «Омикрон» уларни бутунлай четлаб ўтолмади, дея тушунтиради тадқиқотга раҳбарлик қилган Африка соғлиқни сақлаш илмий-тадқиқот институти вирусологи, профессор Алекс Сигал.

«12 кишининг қон таҳлилларига асосланган натижалар мен «Омикрон»дан кутган натижаларга қараганда яхшироқ», дейди Алекс Сигал

«Мавжуд вакциналар касалликнинг оғир кечиши ва касалхоналарга ётқизиш нуқтаи назаридан ҳозирги вақтга қадар аниқланган мутацияларга қарши ўз самарасини кўрсатди. Ҳозирча «Омикрон»да бошқача бўлади, дейиш учун ҳеч қандай сабаб йўқ», дейди ЖССТ фавқулодда вазиятлар бўлими директори Марк Раян.

Яқин кунларда Pfizer/BioNTech вакцинаси «Омикрон»дан қанчалик яхши ҳимояланиши ҳақида кўпроқ маълумотлар кутилмоқда. Бошқа вакциналарнинг янги вариантга таъсири бўйича тадқиқотлар ҳали мавжуд эмас.

Аввалроқ, Pfizer раҳбари Альберт Бурла дастлабки тадқиқотларга кўра, Pfizer/BioNTech вакцинасининг уч дозаси «Омикрон»га қарши юқори даражадаги ҳимояни таъминлашини айтган эди. Бироқ, мавжуд вакцина етарлими ёки янгисини ишлаб чиқариш керакми, буни аниқлаш учун бир неча ҳафта керак бўлади.

ЖССТ маълумотларига кўра, бугунги кунга қадар «Омикрон» штаммини юқтириш ҳолатлари дунёнинг 57 мамлакатида расман қайд этилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер