Олтинсойда «Узум сайли»

19:01 10 Октябр 2022 Жамият
1277 0

Фото: Халқ сўзи

Сурхон воҳасида узум етиштириш ва уни қайта ишлаш бўйича бой тажриба орттирилган. Вилоятда узумчиликка ихтисоcлашган 1 минг 100 та фермер хўжалиги ташкил этилган бўлиб, улардан 530 таси айнан Олтинсой тумани ҳиссасига тўғри келади. Бинобарин, ушбу ҳудуднинг тупроғи, иқлим шароити сархил мевалар, шу жумладан, узум етиштириш учун жуда ҳам қулай ва туман иқтисодиётини ривожлантиришнинг асосий драйверларидан бири ҳам узумчиликдир. Айни омиллар сабаб илк бора Олтинсойда «Узум сайли» фестивали ўтказилди.

Маълумотларга кўра, дунёда узумнинг беш мингдан ортиқ тури мавжуд. У қадим-қадимдан шифобахш неъмат сифатида қадрланган. Буюк аждодимиз Ибн Сино узумнинг хом ва пишган меваси билан кўплаб касалликларни даволаган. Айрим касалларни даволашда узум шарбати, барги ва сиркасидан фойдаланилган. Поясидан эфир мойи олинган.

Бугунги кунда Сурхондарё вилоятида 10 минг 790 гектардан ортиқ ерда узумзорлар мавжуд. Вилоятда қуввати 12 минг 500 тонна бўлган 9 та узумни қайта ишлаш корхонаси фаолият юритмоқда. Улардан 5 таси Олтинсой туманида жойлашган бўлиб, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ушбу корхоналарда 1 минг 900 тонна узум қайта ишланди.

Вилоятда узумчиликни янада ривожлантириш, соҳибкорларни рағбатлантириш, шунингдек, ўзаро тажриба алмашиш, туманнинг туризм салоҳиятини кенг намойиш этиш мақсадида ўтказилаётган фестиваль доирасида «Энг ширин узум-2022», «Энг мазали узум шарбати-2022», «Энг катта бош узум-2022»,«Энг ширин майиз-2022» номинациялари бўйича кўрик-танлов ташкил этилди.

— Жорий 7 июль куни Президентимиз раислигида узум етиштириш, уни саноат усулида қайта ишлашни ривожлантириш ҳамда ҳудудларда экотуризмни йўлга қўйиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилганди. Унда юртимизда узумчиликни ривожлантириш учун катта имкониятлар борлиги таъкидланиб, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб берилди. Фестиваль тадбирлари вилоятимизда айни шу борадаги ютуқ ва натижаларни сарҳисоб қилиш учун яхши имконият, албатта. Шу пайтгача воҳада 70 фоиз хўраки, 20 фоиз кишмиш ва 10 фоиз саноатбоп узум навлари парваришланган бўлса, эндиликда «Мерс, «Ризамат ота», «Келин бармоқ», «Қора гўзал», «Чарос» каби навли узумзорларни кенгайтириш, мўл ҳосил олишга қизиқиш ортиб бормоқда. Жорий йилда воҳамизда 1 минг 200 гектардан ортиқ майдонда янги узумзорлар барпо этилгани бунга яққол далилдир, — дейди Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари Усмон Туропов.

Фестиваль давомида Олтинсой туманидаги узумчиликка ихтисослашган «Хушбекжон Соҳибкор даласи» ҳамда «Ҳафизулло Ўролов» фермер хўжалигида журналист ва блогерлар учун пресс-тур уюштирилди. Иштирокчилар боғбонлар билан суҳбатлашиб, узум етиштириш, уни қуритиш, майиз тайёрлаш жараёнлари яқиндан танишишди.

Илҳом Раҳматов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер