Олтинкўлда ўтган сайёр судда 11 нафар маҳкум жазодан озод этилди

16:54 09 Март 2023 Жамият
713 0

Фото: Халқ сўзи

Кейинги пайтларда жойларда айрим турдаги ишларнинг сайёр суд мажлисларида кўрилаётгани алоҳида эътиборга моликдир. Бинобарин, сайёр судлар фуқароларга қайсидир маънода ҳуқуқий сабоқ бериб, уларнинг қонунчилик борасидаги билим ва маданиятини оширишга, ҳудудларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.

Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги бўлиб ўтган навбатдаги сайёр судда жазони ўташ давомида тузалиш йўлига ўтган, қилмишидан чин дилдан пушаймон, меҳнатга ижобий ёндашиб, жазони ўташ тартиб ва қоидаларига қатъий амал қилиб келаётган шахслар иши муҳокама қилинди.

— Сайёр суд давомида 11 нафар маҳкумга нисбатан Жиноят Кодексининг 70-моддасига асосан муддатидан олдин озод этиш масаласи бўйича киритилган тақдимнома жиноят ишлари бўйича Олтинкўл тумани суди томонидан кўриб чиқилди, — дейди туман ИИБ инспектори Ҳотамжон Олимов. — Cуд ҳукмига кўра улар жазодан озод этилар экан, келгусида содир этилган қонунбузилиши ҳолатларига нисбатан қўлланиладиган жазо муддати қатъий бўлиши юзасидан тушунтирилди.

Сайёр суд томонидан тадбир иштирокчиларига қонунчилигимиздаги ва суд ислоҳотларига доир ўзгартиришлар юзасидан кенг маълумот берилди.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер