Олимнинг иккинчи умри

21:30 19 Май 2023 Жамият
1087 0

Илм-фан фидойилари

Халқимизда “Инсон хотираси муқаддас”, деган нақл бежиз айтилмайди. Ўтганларни яхши ном билан эслаш — миллий қадриятимиз. Шу билан бирга, киши ўз умри давомида қилган ишлари, маънавий-маърифий мероси, асарлари билан ўзидан ўчмас ном қолдиради.

Архитектура фанлари доктори, профессор, Шарқ мамлакатлари халқаро архитектура академияси академиги, юзлаб шогирдларнинг суюкли устози Муҳаммад Аҳмедов ҳам ана шундай шарафга эришган инсонлардан бири эди. Бу киши бутун ҳаётини илм-фан ривожига, эл-юртимиз тараққиётига бағишлади. Олим дастлаб Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида, кейинчалик Тошкент архитектура-қурилиш институтида ишлади. Энг муҳими, қаерда қайси лавозимда фаолият юритмасин, ўзининг билими, фидойилиги, ватанпарварлиги, ёшларга ғамхўрлиги билан барчанинг ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлди.

Устоз 1982 йилда Москва архитектура институтида “Ўрта Осиё меъморий ансамблларининг шаклланиши ва ривожланиш йўллари” мавзусидаги номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. 1996 йилда эса Тошкентдаги Санъатшунослик илмий-тадқиқот институтида ушбу илмий йўналишнинг Ўзбекистон учун методологик аҳамиятга эга бўлган илмий жиҳатларини очиб, “Ўзбекистон ўрта асрлар меъморий ансамбллари тараққиётининг тарихий-назарий асослари” мавзусида докторлик диссертациясини муваффақиятли ёқлаган.

Муҳаммад Аҳмедов нафақат юртимизда, балки қатор хорижий давлатларда ҳам архитектура тарихи ва назарияси соҳасида таниқли олим эди. Буни унинг Озарбайжон ва Қозоғистон Бош меъморчилик қурилиш академияларида ташкил этилган докторлик диссертацияларини ҳимоя қилиш бўйича ихтисослашган халқаро илмий кенгаш аъзоси эканлигида, Япониянинг Кейо университети ташкил этган “Буюк Ипак йўли тарихий шаҳарларининг тараққиёт йўлларини тадқиқ этиш муаммолари” халқаро илмий дастурида, шунингдек, Куньмин, Боку, Уфа шаҳарларида ўтказилган халқаро илмий анжуманларда илмий маърузалар билан қатнашганлигида кўриш мумкин.

Олим Ўрта Осиё тарихий шаҳарлари ва меъморий ёдгорликлари ҳақида АҚШнинг Массачусетс технология институти, Италиянинг Рим университети ва Меъморлар малака ошириш маркази, Туркиянинг Истанбул Юлдуз техника университети, Озарбайжоннинг Бокудаги давлат архитектура ва қурилиш университети ва бошқа хорижий илм-фан масканларида маърузалар ўқир, хорижий докторантларга маслаҳатчилик қиларди.

Устоз меҳнат фаолияти давомида Ўзбекистон меъморчилиги тарихи ва назарияси фанига, меъморий ёдгорликларни таъмирлаш ва сақлаш ишларининг республикадаги ривожига салмоқли ҳисса қўшди. У 6 та академик нашрда чоп этилган китоб, рисола ва дарсликлар, 150 дан зиёд илмий мақолалар ва тезислар, 30 дан ортиқ илмий-ижодий ва меъморий лойиҳалар муаллифи эди. Шунингдек, Ўзбекистон шаҳарсозлиги ва меъморчилиги тажрибасини умумлаштирувчи, унинг назарий йўналишларини акс эттирувчи монографиялар, илмий-оммабоп асарлар чоп эттирганди.

Фидойи олим умрининг охиригача Россия, Германия, АҚШ, Озарбайжон, Туркия, Италия, Болтиқбўйи, Марказий Осиё мамлакатларининг таниқли архитекторлари билан дўстлик ришталарини боғлаб, бевосита мулоқотда бўлиб келган.

Муҳаммад аканинг мустақил ва ҳамкорликда яратган бир неча лойиҳалари ўзининг ижобий баҳосини олганди. Жумладан, шогирдлари билан бирга ишлаб чиққан Самарқанд вилояти Қўшрабод тумани марказий шаҳарчасининг бош режаси, Имом ал-Бухорий ва ал-Мотуридий мемориал мажмуалари лойиҳалари ҳукуматимиз томонидан бўлажак ишлар учун таклиф сифатида расман қабул қилинган ва амалга оширилган.

2006 йилда Қозоғистондаги Оқтов шаҳридаги Университет ўқув комплексининг таклифий лойиҳасини яратиш бўйича қўшни давлат буюртмасини олиб, самарқандлик шогирдлари билан унинг муваффақиятли тақдимот маросимини Олмаота шаҳрида ўтказганди.

Муҳаммад Аҳмедов билан СамДАҚИда кўп йиллар елкадош ва ёнма-ён ишлаб, уни яқиндан билган, дўст тутинган инсон сифатида шуни айтишим керакки, бу киши бирор иш, тадбир ёки лойиҳани бошладими, уни охиригача етказмай қўймасди. Устоз доим нафақат ўз шаъни ва оиласи, балки институт шаъни, архитектура фани обрўси учун курашадиган инсон эди.

Кучли хотира эгаси экани барчамизни ҳамиша қойил қолдирарди. У ҳар бир меъморий обиданинг қачон, қаерда, ким томонидан, нима мақсадда қурилганини аниқ йилигача айтиб берарди. Олим мумтоз шоирларимизнинг шеърларини севиб мутолаа қилар, миллий ашулаларимизни хиргойи қилиб юрарди. Давраларни ҳам турфа ҳангомалари билан қизитар, йиғилганларга кўтаринки руҳ бахш этарди.

Бу инсоннинг яна бир хусусияти ўта зукко раҳбар, зўр ташкилотчи, ўзига ва бошқаларга талабчан бўлганлигидир. Бир воқеани эслайман. Архитектура йўналишига қабул пайтида ижодий имтиҳон бўларди. Мазкур жараёнга тайёргарликнинг молиявий ва ташкилий ишлари ечилмай тургани учун Муҳаммад акага мурожаат қилинганда у илмий ишлар бўйича проректор бўла туриб, институт молия ва хўжалик ишлари проректорининг бу ишдаги сусткашлигига қаттиқ танбеҳ бериб, бу масаладаги муаммони ечиб берганди.

Қисқача айтганда, меҳри дарё устоз ҳақида ҳаммамизда ҳам фақат яхши хотиралар қолган. Чунки бу инсон фазилатлари, фидойилиги, жонкуярлиги билан ўзидан эзгу ном қолдирганди. Бугун эса устознинг амалга оширган ишлари, орзулари рўёби фарзандлари, шогирдлари, ҳамфикр, ҳаммаслак дўстлари фаолиятида давом этмоқда. Демак, илм-фанимиз фидойиси иккинчи умрини яшамоқда.
Ахтам ЎРАЛОВ,
архитектура фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер