Олимлар коронавирус қандай ҳароратда тўлиқ йўқ бўлиб кетишини аниқлашди
Франциянинг Прованс университети олимлари 92 даража иссиқ ҳарорат билан 15 дақиқа давомида таъсир кўрсатилгандан сўнг коронавирус тўлиқ “ўлиши”ни аниқлашди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
Тадқиқотчилар аввалига коронавирусни Цельсий бўйича 60 даражада бир соат давомида қиздириб туришди. Бироқ шундан сўнг ҳам унинг айрим штаммлари нобуд бўлмай, балки кўпайиш хусусиятини сақлаб қолиши маълум бўлди.
Одатда беморларнинг таҳлиллари тадқиқ этиладиган кўпчилик лабораторияларда вирусни фаолсизлантириш учун 60 даража иссиқликда уни бир соат давомида қиздириб туриш стандарт протокол(мезон) ҳисобланади. Бироқ коронавирусда бундай бўлмади. Уни тўлиқ йўқ қилиш учун 92 градусда 15 дақиқа давомида қиздириб туришди.
Франциялик олимлар тажрибани ўтказиш учун германиялик бемордан олинган коронавирус штамми юқтирилган Африка яшил маймуни буйраги ҳужайраларидан фойдаланишди.
Инфекция туширилган ҳужайралар иккита пробиркага солинди: биттасида тоза муҳит, иккинчисида ҳайвон оқсиллари мавжуд реал ҳолат яратилди.
Тоза муҳитдаги стандарт қиздириш процедуралардан сўнг вирус штамми тўлиқ фаолсизланиши кузатилган, бироқ тозаланмаган намуналарда уларнинг айримлари сақланиб қолган.
Тадқиқотчиларнинг қайд этишича, фаолсизлантириш бўйича стандарт протокол нисбатан кучсиз вирусларни йўқ қилиш учун кифоя қилиши мумкин, аммо юқори таркибга эга вирус намуналари учун бу етарли бўлмаслиги мумкин.
Тажриба эгалари уларнинг тадқиқотлари вирусни фаолсизлантириш бўйича энг мақбул усулни топиш имконини беради. Бу эса вирус намуналари билан бевосита ишлаётган тиббиёт ходимлари касалланишларининг олдини олишбда муҳим аҳамият касб этади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг