Олий Мажлис Сенатида мамлакатда барқарор эпидемиологик вазиятни таъминлаш масаласи кўриб чиқилди
Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»
Бугун, 3 апрель куни Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик ҳамда Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмиталарининг ишчи гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтди.
Мазкур йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Бош прокуратура, Фанлар академияси ҳамда бошқа қатор идора ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Муҳокамалар давомида мамлакатда барқарор эпидемиологик вазиятни таъминлаш, шунингдек, мазкур соҳадаги қонун ҳужжатлари ижросини ўрганиш ва такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, бугунги кунда дунёда эпидемиологик вазият мураккаблигича қолаётгани қайд этилди. Хусусан, ўта хавфли инфекциялар — ўлат, вабо ва куйдирги каби касалликлар, шунингдек янги вирусли таҳдидлар глобал миқёсда жиддий хавф туғдирмоқда. Яқин ўтмишдаги COVID-19 пандемияси эса биологик хавфсизлик масалаларининг нақадар долзарб эканини яна бир бор намоён этди.
Мутахассислар томонидан келтирилган маълумотларга кўра, Марказий Осиё минтақасида табиий ўчоқли инфекциялар фаоллиги сақланиб қолмоқда. Шу жиҳатдан Ўзбекистон ҳудудидаги табиий ўчоқлар, хусусан Қизилқум ва Устюрт ҳудудлари алоҳида эътибор талаб қилади.
Шу муносабат билан эпидемиологик назоратни кучайтириш, тизимли мониторинг ва профилактика чораларини такомиллаштириш муҳим вазифа сифатида белгиланди.
Бундан ташқари, биологик хавфсизликни таъминлашда давлат органлари ўртасидаги мувофиқлашган ҳамкорлик ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани қайд этилди. Хусусан, Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари ҳамда Миллий гвардиянинг ўзаро мувофиқлашган ҳаракати мамлакат биохавфсизлиги тизимининг самарадорлигини таъминлаши алоҳида кўрсатиб ўтилди.
Йиғилиш якунида ишчи гуруҳ аъзоларининг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари эшитилиб, улар асосида келгусидаги вазифалар белгиланди ҳамда ўрганишнинг қўшимча ташкилий масалалари юзасидан ишларни давом эттиришга келишиб олинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг