Оҳангаронда тарбиячи боғча боласини ҳақорат қилиб, урди
Видеодан кадр
Оҳангарон шаҳридаги мактабгача таълим ташкилоти ходимининг тарбияланувчилардан бирига жисмоний куч ишлатгани ва ҳақорат қилгани акс этган видео тарқалди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳолат ўрганилганини маълум қилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, мазкур мактабгача таълим ташкилоти раҳбарининг жорий йил 6 апрелдаги тегишли буйруғи билан тарбиячи Ш.А. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
«Шу ўринда мамлакатимиздаги мавжуд барча мактабгача таълим ташкилотлари педагогларига белгиланган одоб-ахлоқ қоидалари ҳамда касб этикаси нормаларига қатъий риоя этишларини сўраб қоламиз», дейилади вазирлик хабарида.
Шунингдек, хабарда тарбиячилар мактабгача таълим ташкилотларида тарбия топаётган болаларнинг нафақат билим ва тарбия олишлари, балки уларнинг ҳам жисмонан, ҳам руҳан соғлом инсон бўлиб камол топишларига масъул экани таъкидланиб, улардан лавозимларига лаёқатли бўлиш сўралган.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимдаги таълим ташкилотларида таълим-тарбия олаётган болаларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда айбдорларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тегишли жазо чоралари қўлланишида зарур ишларни олиб бориши қайд этилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг